17:23 | 19.09.22

                       

Президент 14 та туман ҳокимини ишдан олди

Қашқадарё вилояти ҳокими Мурод Азимовга ҳайфсан эълон қилинди

Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Касби, Косонсой, Тўрақўрғон, Арнасой, Кармана, Ургут, Шеробод, Олтинсой, Гулистон, Янгийўл, Хива туманлари ҳокимларини ишдан олди.

Фото: Президент ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 2022 йил бошидан Самарқанд – 900 минг, Фарғона – 850 минг, Андижон – 650 минг ички сайёҳларни қабул қилди. Лекин, айрим вилоят, туман ва шаҳарлар натижалари яхши эмаслиги қайд этилган. Сирдарёга – 151 минг, Навоийга – 262 минг, Жиззахга – 275 минг ички сайёҳ ташриф буюриб, бу уларнинг салоҳиятидан анча кам бўлган.

«Четдан келган туристлар учун кўрсатилган хизматлар Қашқадарёда жуда паст бўлиб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Касби туманларида туризм хизматлари умуман кўрсатилмаган. Шу билан бирга, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Наманган ва Сурхондарёда ҳам хорижий туристларга хизмат кўрсатишдан тушумлар қолган ҳудудлардан анча орқада. Айниқса, Шеробод, Олтинсой, Косонсой, Тўрақўрғон, Арнасой, Кармана, Ургут, Гулистон, Янгийўл, Хива туманларида туризм хизматлари умуман кўрсатилмаган», – дейилади хабарда.

Шунингдек, ишларни етарли даражада ташкил этмагани учун:

– Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимовга ҳайфсан берилди;

– Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Касби, Косонсой, Тўрақўрғон, Арнасой, Кармана, Ургут, Шеробод, Олтинсой, Гулистон, Янгийўл, Хива туманлари ҳокимлари бугун ишдан олиниб, ўзгариш қилиш учун уларга уч ой синов муддати берилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни барқарор ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Шунингдек, Президент раислигида маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: