14:25 | 16.11.22

                       

Энергетика вазири ўринбосари Ўзбекистонда электр таъминотида узилишлар сабабини маълум қилди

Унга кўра, узилишлар ускуналар эскиргани ёки етарли эмаслиги сабаб келиб чиқмаяпти

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистонда электр таъминотида узилишлар сабабини маълум қилди.

Фото: АОКА

Хўжаевнинг сўзларига кўра, ASKUE тизими жорий этилгани битта масалада адолат ўрнатган — энди тўловни амалга оширмаган истеъмолчи энергия ёки газ билан таъминлаймайди. Ушбу тизим ишга тушгач, электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришдаги узилишлар уч баробарга қисқартирилган. Охирги беш йилда қурилган электр станциялари ундан олдинги 25 йилда ҳам қурилмаган.

«Электр энергиясидаги узилишларнинг сабаби — ускуналарнинг эскирганлиги ёки етарли эмаслигида эмас. Балки станцияларимизда электр ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслигида. Масалан, Ўзбекистондаги мавжуд электрнинг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Бунинг қарийб 85 фоизи табиий газ воситасида», — дейди у.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, 2016 йилгача Ўзбекистонда битта замонавий буғ-газ иссиқлик станцияси қурилган — 2012 йилда Навоий иссиқлик электр станцияси. Аммо 2016 йилдан кейин Навоийда — битта, Таллимаржонда — иккита, Тўрақўрғон электр станциясида — иккита, Тахиатош электр станциясида — иккита ва Тошкент электр станциясида битта буғ-газ қурилмаси барпо этилган. Буларнинг барчаси давлат инвестицияси ҳисобидан қурилган.

Аввалроқ Бухорода электр таъминоти кунига 8 соатгача ўчирилиши мумкинлиги, Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида электр таъминотига чекловлар киритилаётгани, Тошкентда баъзи ҳудудлар электр энергияси таъминотидан вақтинча узилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг бир қатор туманларидаги айрим ҳудудларда электр узатиш линияларидаги таъмирлаш ишлари сабаб 31 октябрь куни электр узатиш вақтинча тўхтатилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: