18:36 | 17.12.22

                       

Толибон Ўзбекистондан ўз мажбуриятларини бажаришни талаб қилди

Толибон вакили ҳамда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди

Толибон ташқи ишлар вазири ва Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Толибон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Шер Муҳаммад Аббос Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев билан телефон суҳбатида расмий Тошкентнинг электр тармоғидаги носозликлар туфайли Афғонистонга электр энергияси етказиб беришнинг қисқариш масаласини кўтарди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирги совуқ об-ҳавода айрим вилоятлар, жумладан, Кобулда ҳам электр энергияси етишмовчилиги кузатилмоқда.

Шунингдек, хабарда келтирилишича, Ўзбекистон томони муаммоларни тан олган ва уларни ҳал қилиш устида ишлар олиб борилаётгани маълум қилган. Иргашевнинг сўзларига кўра, об-ҳавонинг бирдан совиб кетиши туфайли электр тармоқларида техник носозликлар юзага келган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Толибон мамлакатда электр энергиясидаги узилишларда Ўзбекистонни айблагани ҳамда Ўзбекистон Толибон айбловларини рад этгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: