21:10 | 10.01.24

                       

2024 йилда Қорақалпоғистонга 2,1 млрд доллар инвестиция киритилади

Мирзиёев ўтказган йиғилишда республикани ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш учун барча имкониятлар борлиги айтилди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 10 январ куни Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлили ва келгуси вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилиш давомида саноат ҳажми 2024 йилда 23 триллион сўмга етказилиб, икки триллион сўмлик янги қувватлар яратилиши, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материали тармоқларида беш триллион сўмлик 24 та йирик лойиҳа ишга туширилиши айтиб ўтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, ҳудудга 2 миллиард 100 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиши маълум қилинди. Бунинг эвазига саноатда 206 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 240 та, қишлоқ хўжалигида 34 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, уларда 13 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни очилиши айтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, экспорт ҳажмини 2024 йилда 160 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Қишлоқ хўжалигида ер унумдорлигини ошириш учун хорижий грант жалб қилинади. Олти минг гектар ерга сув тежовчи технология жорий қилиниб, 31 минг гектар ер лазерли текисланади. Фуқаролар ташаббуси асосидаги лойиҳаларга 182 миллиард сўм, йил давомида маҳаллий бюджетдан яна 40 миллиард сўм ажратилади. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасидаги лойиҳаларга 10 триллион сўм берилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев шунингдек, Германия, Жанубий Корея, Япония ва Туркиядан мутахассисларни таклиф этиб, ёшларни чет тили, ахборот технологиялари, дизайн, меҳмонхона хизмати каби 17 турдаги замонавий касбларга ўқитиш муҳимлигини таъкидлади. Мутасаддилар Қорақалпоғистонни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш учун барча имкониятлар борлигини қайд этиб, бу борадаги чора-тадбирларни белгилаб олди.

Аввалроқ, Президент савдо, туризм ва маданият масканларини қуришга оид тақдимот билан танишиб, бозорларни туристлар учун «ташриф қоғози»га айлантириш кераклигини айтиб ўтганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: