20:25 | 17.01.24
Мирзиёев хорижий туристлар оқимини ошириш ишларининг тақдимоти билан танишди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 17 январ куни хорижий туристлар оқимини ошириш ҳамда ички туризмни фаоллаштиришга оид тақдимот билан танишди.
Тақдимотда сайёҳлик салоҳияти юқори бўлган 12 та туман ва шаҳарда туризм марказлари ташкил этиш режа қилингани айтиб ўтилди. Бундай марказларда туну кун ишлайдиган ресторан, кафе, соғломлаштириш ва бассейн хизматлари бўлади.
Шунигдек, «Зомин», «Чимён» ва «Амирсой» каби курорт зоналари ҳамда кўнгилочар мажмуаларда халқаро брендлар, миллий ипак матолари, сувенир, заргарлик маҳсулотлари ва олтин қуймалар дўконлари ташкил этилади. Бунинг учун 2027 йилнинг 1 январигача туризм марказларидаги тадбиркорларнинг ер ва мол-мулк солиғини белгиланган миқдордан 90 фоизга камайтириш, 2026 йилнинг 1 мартигача заргарлик ва олтин маҳсулотлари учун керак бўладиган асбоб-ускуналар ва технологияларни божхона божидан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, 2024 йилдан бошлаб, «Ўзбекистонда яна бир кун саёҳат» дастури амалга оширилади. Унга кўра, вилоятлараро туризм объектларини ўзаро боғловчи «республика туризм ҳалқалари» ҳамда туман ва шаҳарлар ўртасида «ҳудудий туризм ҳалқалари» ташкил этилади. Туризм қўмитаси томонидан Туристик йўналишларнинг ягона реестри юритилади.
Бундан ташқари, ҳар икки йилда май ойида мукофот жамғармаси икки миллион доллар бўлган халқаро «Ўзбекистон ипак матолари» мода ҳафталиги ўтказилади. Шу билан бирга, соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳмонхона ва савдо мажмуалари, бассейн ва аквапарклар учун асбоб-ускуна ва жиҳозлар икки йилга божхона божлари тўлашдан озод этилади.
Аввалроқ, Мирзиёев бозорларни туристлар учун «ташриф қоғози»га айлантириш кераклигини айтганди.