18:06 | 21.09.23

                       

Самарқандда бир гектар ерни 159 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Ноқонуний ер олди-сотдиси билан шуғулланиш ҳолатлари Сурхондарё ва Андижон вилоятларида ҳам кузатилган.

Самарқанд, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида ноқонуний ер савдоси билан шуғулланганлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи 56 ёшли шахс иссиқхона қурмоқчи бўлган фуқарога давлат захирасидаги 1 гектар ерни 150 минг доллар эвазига мансабдор танишлари орқали олиб беришини ваъда қилган. Шунингдек, 9 минг доллар эвазига ушбу ерни кадастр тизимидаги танишлари ёрдамида унинг номига расмийлаштириб бермоқчи бўлган. Бу учун эса жами 159 минг доллар талаб қилган ва сўралган пулни олган вақтида далиллар билан қўлга олинган.

Пахтачи туманида эса 40 ёшли шахс ўзининг онасига тегишли бўлган фермер хўжалигининг 10,45 гектар ер майдонини мевани қайта ишлаш заводи қурмоқчи бўлган тадбиркорга 900 миллион сўмга сотишга келишган. Олдиндан 13 минг доллар олган вақтида эса қўлга тушган.

Кадр: Telegram

Сурхондарё вилоятида Шўрчи туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигида ишчи бўлиб фаолият юритувчи, муқаддам судланган шахс мазкур хўжаликнинг 50 сотих ер майдонини харидорга 45 минг долларга сотишга келишгани аниқланган. У келишилган пулдан 40 минг долларни олган вақтида ушланган.

Андижон вилояти Асака туманида яшовчи шахс боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига тегишли 24 сотих ерни харидорга келгусида турар жой қуриш учун расмийлаштириб бериш билан 22,5 минг долларга сотган вақтида ушланган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида ноқонуний ер сотишга уринган Кадастлар палатаси ходими ушланганди. Бундан ташқари, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ноқонуний ер савдосига чек қўйилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: