20:12 | 03.05.24

                       

Тошкентда ўқувчилар дарс вақти қарта ўйнаб ўтиргани аниқланди

Тошкентда ўқувчилар дарс вақти қарта ўйнаб ўтиргани аниқланди. Болаларнинг ота-оналари ва синф раҳбарига нисбатан чора кўрилди.

Тошкентда дарс вақти қарта ўйнаган мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ва синф раҳбари жазоланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Ижтимоий тармоқрда «Мактабми бу ёки қиморхона?» сарлавҳаси остида видео тарқалди. Унда бир неча ўқувчилар дарс пайтида орқа партада қарта ўйнаб ўтиргани акс этган. Масъуллар ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Таъкидланишича, видео 2024 йил 23 апрель куни Юнусобод туманидаги 235-сонли мактабда тарих фани дарсида олинган. Тўрт нафар 8-«Б» синф ўқувчилари дарс жараёнига халақит қилиб, «қартабозлик» қилган. Ушбу ўқувчиларнинг ота-оналари мактабга чақиртирилиб, Миллий гвардия, ИИБ ходимлари, психолог ҳамда мактаб маъмурияти иштирокида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.

«Сўнгги пайтларда таълим муассасаларида ‘Давомат’, ‘Тиғ’ каби тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши айрим ота-оналарга ёқмаётганлигини яширмаймиз.

Шундай экан, Сизлардан илтимос, фарзандингизнинг фақат мактабга бориши эмас, балки унинг папкасида нималар борлиги, кўча-кўйда кимлар билан ўртоқлиги, дарсларни қандай ўзлаштираётганлиги билан ҳам қизиқсангиз айни муддао бўлур эди», дейилади хабарда.

Ўқувчиларнинг ота-оналарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан жарима қўлланган. Синф раҳбари Н.Б.га нисбатан интизомий чора кўрилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: