16:27 | 04.05.24

                       

Бухорода бировнинг номига кредит олган қиз ушланди

Бухорода ўзганинг номига қарийб 16 млн сўм онлайн кредит олган 23 ёшли қиз ушланди. У бегона аёлга моддий ёрдам пули олиб беришини айтиб, телефонини олган.

Бухоро вилоятида бир марталик моддий ёрдам пули баҳонасида бир аёлнинг номига 15 миллион 970 минг сўм кредит расмийлаштирган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Маълум қилинишича, Жондор туманида яшовчи 35 ёшли (аёл) О.С. ИИОга мурожаат қилиб, номига номаълум сабабларга кўра 15 миллион 970 минг сўм онлайн кредит расмийлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни шу туманда яшовчи 23 ёшли Р.М. исмли аёл содир этгани аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Р.М. жабрланувчи О.С.га ўзини Мақсуда деб таништириб, маҳаллада ишлашини ҳамда бир марталик моддий ёрдам пули олишда ёрдам қилишини айтиб, унинг банк мобил иловаси орқали онлайн кредит расмийлаштирган ва ўша вақтнинг ўзида ўзининг банк картасига ўтказиб олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Р.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: