21:18 | 03.06.24

                       

Қозоғистон Ўзбекистонга 4,2 тонна помидорни қайтариб юборгани рад этилди

Қозоғистон Ўзбекистонга 4,2 тонна помидорни қайтариб юборгани рад этилди. Унда ҳеч қандай касаллик аниқланмаган.

Қозоғистон Ўзбекистонга 4,2 тонна помидорни қайтариб юборгани ҳақида хабар берилган эди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вазиятни ўрганди.

Хабар берилишича, 2024 йилда Туркистон вилоятида жойлашган фитосанитария назорати постлари орқали 1075 та автомашинада 15 637 802 тонна помидор маҳсулоти олиб кирилган. Ижтимоий тармоқларда, фитосанитария талаблари бузилгани (фитосанитария сертификати, ёрлиғи йўқлиги) туфайли 56,1 тонна помидор Туркманистонга, 4,2 тонна помидор эса Ўзбекистонга қайтарилгани юзасидан турли хабарлар тарқалди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида тезкор суриштирув ўтказди. Маҳсулотни экспорт қилган тадбиркорлик субъекти помидор Ўзбекистонга қайтарилмаганини айтган. Аниқланишича, Қозоғистонга юк машинасида 450 килограмм янги узилган гилос, 14,5 тоннадан ортиқ олма ва 4,2 тонна помидор жўнатилган. Маҳсулотлар Тошкент вилоятининг Қибрай туманида етиштирилган.

Қозоғистонга жўнатилган помидордан намуна олинган ва тегишли тартибга асосан лабораторияда PZR усулида экспертиза ўтказилган. Экспертиза натижаларига кўра, помидор маҳсулотида «жигарранг бужмайиш вируси» аниқланмаган. Шу сабабли қозоғистонлик ҳамкасбларга лаборатория экспертизасини ўтказиш методологияси, ўтказилган таҳлилларнинг праймерлари, видео ва фотосуратлари тақдим этилиши юзасидан сўровнома жўнатилди. Вазиятни жойида ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ шакллантириб, Тошкент вилоятининг Қибрай туманига жўнатилди. Зарарланган экин майдони аниқланиб, зарурий чоралар амалга оширилиши белгиланган.

«Маълумот учун эслатиб ўтамиз, «помидорнинг жигарранг бужмайиш вируси» инсон организми учун хавфсиз бўлиб, зарарланган помидорни истеъмол қилганда ҳам инсон организмига салбий таъсир қилмайди», — дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: