12:42 | 05.11.22

                       

Ўзбекистонда иш берувчи маош кечиктирилган ҳар бир кун учун ходимга компенсация тўлайди

Тўланиши лозим бўлган компенсация миқдори Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида иш ҳақи кечиктирилган ҳар бир кун учун компенсация тўланиши белгиланди.

Унга кўра, ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.

Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, 16 кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади.

Иш берувчи иш ҳақи тўлаш кечиктирилгани учун ходим олдида ушбу кодексга киритилган 333-моддага кўра моддий жавобгар бўлади. Яъни, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.

Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади. Унинг миқдори жамоа шартномаси, ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан оширилиши мумкин.

Иш берувчи ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар уни тўлашга мажбур бўлади.

Маълумот учун, янги таҳрирдаги ушбу кодекс 2023 йилнинг 30 апрелидан бошлаб кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Меҳнат кодекси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилаётгани ҳақида хабар берилганди. Сенатнинг 17 март кунги йигирма тўртинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун маъқулланган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: