14:44 | 07.06.21

                       

Алишер Қодиров президентлик сайловига номзодини қўядими?

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари ушбу саволга жавоб берди

«Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров 7 июнь куни YouTube’даги «Alter Ego» лойиҳаси муаллифига берган интервьюсида сайловга қандай тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.

Кадр: You Tube/ Alter Ego

Партия раҳбари сайлов дастури бўйича бир неча ойдан буён махсус гуруҳ фаолият олиб бораётганини, бироқ ушбу маълумотларни батафсил тақдим этолмаслигини айтган.

«Махсус гуруҳ бу бўйича бизга тўлиқ маълумот бермаган. Қисқача айтадиган бўлсам, бизда бутунлай бошқача, ҳаттоки амалдаги сиёсатни рад этадиган альтернатив ғоялар бўлади. Мисол учун, биз инсонларнинг кўп шикоят қилишларига қаршимиз. Ҳозирда соатига миллионга яқин халқ қабулхоналарига мурожаатлар келиб тушади. Шулардан миллионга яқин мурожаатларда одамлар ҳукуматдан ноқонуний нарсани талаб қилади. Депутатларга ҳам шу шаклдаги, жумладан, уйимда музлатгич йўқ деб айтади. Айрим маблағи етарли партиялар эса ҳақиқатан ҳам бориб музлаткичлар сотиб олади», — деган у.

Партия раиси шу сабабли «Миллий тикланиш» партияси халқ қабулхоналарини суд тизимига бирлаштириш, яъни тақдим қилинаётган мурожаат судга берилаётган мурожаат каби кўриб чиқилишини таъкидлаган.

«Инсон судга мурожаат қилади ва ўз ҳуқуқларини талаб қилади. Суд эса бу тўғри мурожаат эканини билдириб, суд тизими асосида масалани ҳал қилади. Агар бу хато бўлса, бу мурожаатнинг ҳуқуқий жиҳатдан тасдиқланмаслигини англатади», — дейди Қодиров.

Шунингдек, «Alter Ego» лойиҳаси муаллифи ундан президентликка номзодини қўйиши борасида сўраган.

Ўз навбатида, Қодиров партиядан жамиятда ўзгаришга ҳисса қўшадиган номзод илгари сурилиши ва бунинг тахминий рўйхати борлигини айтган. Шу билан бирга, ҳозир бу ёпиқ тизимда махсус гуруҳ томонидан ишлаб чиқилаётгани ва номзод аввал партия ичида сайлаб олинишини таъкидлаган.

Аввалроқ Алишер Қодировнинг Wikipedia’даги биографияси троллингга учрагани хабар қилинган. Шунингдек, Алишер Қодиров олий таълим муаммоларини ҳал этишда «олийгоҳбай» ишлашни таклиф қилгани маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: