19:21 | 19.05.24

                       

Тошкентда ўтказилган тергов ишлари давомида ушланган жиноятчиларга қамоқ жазоси тайинланди

Тошкентда криминоген вазиятни яхшилаш юзасидан ўтказилган тадбирлар давомида ушланган жиноятчиларга қамоқ жазоси тайинланди. Жиноятчилардан бири ўн икки йилга озодликдам маҳрум қилинган.

Пойтахт ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш юзасидан ўтказилган тадбирлар давомида ушланган жиноятчиларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда пойтахт ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жиноят содир этган бир гуруҳ шахслар ушланган. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, улар жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг 24 апрель кунидаги ҳукмига кўра 1985 йилда туғилган Файзиев Алибек Шахруллоевич Жиноят кодексининг 28-модда (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 246-модда (Контрабанда), 25-модда (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 273-модда (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан айбли деб топилиб, унга нисбатан ўн икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судининг 14 май кунидаги ҳукмига кўра, 1990 йилда туғилган Амонов Олимжон Шухратович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми «а» банди билан айбли деб топилган. Суд томонидан унга нисбатан тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ, Тошкентда ушланган бир гуруҳ жиноятчиларга суд ҳукм ўқилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: