19:18 | 17.11.23

                       

Green Card — Америка орзуси

Green card ҳақида батафсил маълумотлар, лоторея тарихи ҳамда президент Рейген ташаббуси тўғрисида билиб олинг

«Қариндошим green card ютибди», «Қўшним green card ютди», «Синфдошим Америкага кетаётган экан» каби гап-сўзлар қулоғимизга чалиниб туради. Аҳолининг омади келган қатлами океан ортидаги фаровон ҳаёт истагида ўз оиласи, қариндош-уруғи ва ёр-биродарлари даврасидан анча узоққа ошиқадилар. Ҳўш, Green card ўзи нима? У биз истаган ҳаётни ваъда қиладими?

Суратда United States Permanent Resident Card (Green card) тасвирланган.
Фото: usastep

Bugun.uz ҳар йили ўтказиладиган Green card дастури ҳамда картанинг инсонларга қай даражада фойдали экани ҳақидаги маълумотларни сиз азизлар учун бир ерга жамлади.

Мундарижа:

Green card нима?

Green card — расмий жиҳатдан United States Permanent Resident Card деб аталади ва Америка фуқароси бўлмаган кишилар учун океан ортида яшаш ҳуқуқини тақдим этади. Карта Америкада шахсий гувоҳнома ҳамда иденфикацион карта вазифасини бажариб, бир неча йил Америкада яшаш имконини беради. Ҳужжат эгалари АҚШда яшаш, ишлаш ва ўқиш каби ҳуқуқларга эга бўлиб, туб аҳоли учун яратилган кўплаб қулайликлардан фойдаланиши ҳам мумкин.

Green card эгалари Америка президентлиги учун ўтказиладиган сайловларда қатнаша олмайди.

Green card жорий этилишининг сабаби қандай?

Green card АҚШ Конгресси қарори асосида жорий этилган ва давлат Департаменти томонидан бошқарилади. Конгрес қарори «Турли миллатларга мансуб иммигрантлар виза дастури — (Diversity Visa)» деб аталиб, тарихан мамлакатга кам ташриф буюрувчи давлатлар аҳолиси учун иммиграцион синф жорий этишни кўзда тутади. Америка халқи маданиятини бойитиш мақсадида ҳар йили 55 минг инсон АҚШга ташриф буюришга сазовор бўлади.

Green card тарихи

Ўтган асрнинг 80 йиллари сўнгида собиқ АҚШ президенти Роналд Рейген Америка халқининг этник хилма-хиллиги йўқолиб кетишидан ҳавотирга туша бошлайди. Натижада, президент Рейген мамлаккатда ноқонуний ҳаёт кечираётган 2 миллион мексикаликка амнистия ва доимий яшаш гувоҳномасини бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилади. Кейинчалик, этник хилма-хилликни сақлаб қолиш устида бош қотирилди ва Green card лойиҳаси дунёга келди.

Суратда Американинг 40-президенти Роналд Рейген тасвирланган.
Фото: Обаманинг Оқ уй архивидан

Лойиҳанинг дастлабки босқичи 1987 йилда, «NP-5 Лотерея Дастури» номи остида ишлаб чиқилган. Илк қадамда 36 мамлакатдан муҳожирлар қабул қилинган ҳамда визалар сони 5 мингтани ташкил этган. Кейинчалик визалар сони 15 мингтага етказилган бўлса, ҳозирда 50 мингдан зиёд инсон потенциал америкалик сифатида ариза тўлдиради.

Лойиҳанинг кейинги тақдири

90 йиллар бошида лойиҳа «OP-1 дастури» деб қайта номланади ҳамда визалар сони 10 мингтага етади. Бир неча йилдан сўнг дастур «АА-1 дастури» деб ўзгартирилади ва 37 мамлакат фуқаролари учун 40 мингта виза берила бошланади. Бу йилларда Шимолий Ирландия пешқадам сифатида 16 минг визага эгалик қилган.

Бугунги кундаги Green card 1994 йилги янги дастур бўлиб, унда визалар сони 50 мингдан оширилган давлатлар рўйхати ўзгартириб борилмоқда. Дастлаб иммигрантлар аризани қўлда ёзганлар ва АҚШ маъмуриятига почта орқали жўнатганлар. 2003 йилдан эса, онлайн рўйхатдан ўтиш тизими жорий этилган.

Green card ва Ўзбекистонликлар

Ўзбекистонлик иштирокчилар ҳар йили визаларнинг 5 мингтасини қўлга киритадилар. Визани ютиб олган шахс АҚШда таълим ва соғлиқни сақлаш каби имтиёзлар эгаси бўлиш билан бир қаторда, яна бир қариндошини ўзи билан «сеҳрли диёр»га олиб кетиши мумкин.

Ўзбекистон Green card ўйнаш бўйича дунёда пешқадам давлатлардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда АҚШда ишлаш ва таълим олиш учун борган ватандошларимизнинг кўпайиб бораётгани ҳам бор гап.

2023 йил май ойидаги Green card натижаларига кўра 5 минг 511 нафар Ўзбекистон фуқароси лоторея соҳиби бўлди.

Green card ғолиблари қандай қулайликларга эга?

Green card ҳақида юқорида умумий маълумотлар берилган бўлсада, у тақдим этувчи имкониятлар кўпроқни ташкил этади. Ҳужжат кўра:

  • АҚШда 10 йил ёки умрбодга қолиш имконияти.
  • Америка томонидан молиялаштирилган таълим ёрдам дастуридан фойдаланиш ҳуқуқи.
  • Green card ғолиблари университет ва коллежларда таълим олиш учун камроқ ҳақ тўлашади. Баъзи ҳолларда, чет эллик талабалар учун сарф-харажатлар 3-4 баробар арзонроқни ташкил қилади.
  • АҚШда жойлашган ҳар қандай компанияда ишлаш ҳуқуқи. Аммо, истисно тариқасида баъзи компаниялар қонун доирасида фақатгина Америка фуқароларини ишга олишлари мумкин.
  • Шахсий бизнесни йўлга қўйиш ва ўз корпорацияларини ҳамда акциядорлик жамиятларини ташкил этиш ҳуқуқи ҳам мавжуд.
  • АҚШ фуқаролигини олиш имконияти. Айрим давлатлар икки фуқароликни қўлламайди ва бунда кишилар ўз фуқаролигидан кечиб АҚШ фуқаролигини олишлари керак бўлади.
  • Green card ёрдамида ўз ҳаётингизни суғурталашингиз мумкин.
  • Green card эгаси қонуний равишда кўчмас мулк, транспорт, қурол яроқ ва АҚШ фуқароларининг эга бўлиши мумкин бўлган бошқа нарсаларга эга бўлиши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: