14:10 | 11.11.23
Ўзбекистон тарихи, аҳолиси, иқлими ва географик жойлашув ҳақида маълумотлар, фото ҳамда видеолар
Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиё ҳудудида жойлашган бўлиб, минтақада мавжуд тўрт давлат ҳамда Афғонистон билан чегарадошдир. Минтақа тарихан Буюк ипак йўлида катта аҳамият касб этганлиги учун, мамалакатнинг бир қатор шаҳарлари, жумладан Самарқанд ва Бухоро дунё миқёсида анча машҳурдир.
Мундарижа:
1. Ўзбекистон ҳақида умумий маълумотлар
3. Ўрта асрларда Марказий Осиё
4. Чор Россияси босқини ва Совет Иттифоқи даври
6. Ўзбекистоннинг Мустақилликка эришиш тарихи
Мамалакат майдони сал кам 449 минг км/кв ни ташкил қилади. Аҳолиси 36 миллион кишидан зиёд бўлиб, маъмурий жиҳатдан 12 та вилоят, Пойтахт Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига бўлинади. Ўзбекистон шимолдан Қозоғистон билан чегарадош бўлса, жанубдан Афғонистон билан қўшнидир. Шунингдек, мамлакат Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан ҳам чегарадошдир. Ўзбекистон кўплаб халқаро ташкилотлар, хусусан, МДҲ, БМТ, ЙХҲТ, ШҲТ ва ИҲТ ташкилотларига аъзо давлат ҳисобланади.
Тарихчилар томонидан Марказий Осиё ҳудудида бронза давридан буён инсонлар яшаб келаётгани, минтақа маданияти айни шу даврдан бошлангани иддао қилинсада, илк давлатчилик элементлари 2700 йил олдинга бориб тақалади. Аввалига қабилалар иттифоқида ҳаёт кечирган туб аҳоли, кейинчалик форслар томонидан босиб олинди. Александр Македонскийнинг шарққа томон юриши ҳам минтақани четлаб ўтмаган. Ҳудуд қисман босиб олинган бўлса ҳам, юнон маданияти сақланиб қолди.
Илк милодий асрлар Турк хоқонлиги даври ўлароқ тарихда қолди. Бироз ўтиб, Марказий Осиё минтақаси Араб халифалиги таркибига қўшилди. Айни шу даврдан бошлаб, туб аҳоли маданиятида кескин ўзгаришлар даври бошланди. Аввалига маҳаллий эътиқодлар йўқ қилиниб, Ислом дини кенг қулоч ёйди. Минтақадан дин пешволари, пиру авлиёлар етишиб чиқди. Илм-фан ривожланиб, олдингидан кам бўлмаган маданият шаклланди.
Иккинчи минг йиллик нафақат Марказий Осиё учун, балки, бутун шарқ халқлари учун қирғинбарот билан бошланди. Шарқда, аниқроғи Мўғулистонда вужудга келган Чингизхон бошлиқ Мўғуллар давлати Хитойдан то Эронгача бўлган ҳудудларни забт этишди. Бу даврда минтақа халифалик қўл остидан чиқиб, Хоразмшоҳлар давлати қарор топган эди. Хоразмшоҳлар мўғулларга имкон қадар қаршилик кўрсатган бўлсада, бироқ бу етарли бўлмаган. Душман қўли баланд келиб, маданият яксон қилинган. Катта-катта шаҳарлар ёқиб юборилган бўлса, баъзилари сувга бостирилган.
Кейинчалик ўлкада Чиғатой улуси ташкил топди. Айни шу давлат 14 асрда Амир Темур давлатига пойдевор вазифасини ўтади. Амир Темур пойтахти Самарқанд бўлган катта империя қурди. Шарқда Хитойга, ғарбда Усмонли Туркларига чегарадош бўлган бу давлат 1501 йилгача яшади.
Сўнгги ўрта асрлар Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳудудида Муҳаммад Шайбонийхон яратган давлатчилик асносида кечди. Минтақада Темурдан қолган империячилик тамойиллари унутилиб, миллий давлатлар ташкил топиши кузатилди. Аввалига Бухоро хонлиги, кейинчалик Хива ҳамда Қўқон хонликлари ташкил топди.
Уч хонликлар даври минтақа тарихида баҳсли мавзулардан биридир. Негаки, айни шу даврда халқаро алоқаларнинг сустлашуви ва ҳарбий салоҳиятнинг кучсизланиши кузатилган. Оқибатда, бу уч давлат Чор Россияси томонидан босиб олинган. Подшоҳ ҳокимияти 1917 йилги инқилобгача амалда бўлди. Ҳокимиятга келган янги куч бўлмиш советлар мавжуд давлатчиликни ўзгартиришди. Эндиликда аҳоли учун бегона бўлган давлат бошқаруви, республикачилик қарор топди.
1917 йилги инқилоб вақтида Марказий Осиёда мавжуд зиёлилар ҳаракати (улар ўзларини шундай атаганлар) вазиятдан фойдаланиб, ўзлари учун мухтор республика тузиш ҳаракатига тушдилар. 1917 йил Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Бутун Туркистон Мусулмонларининг фавқулодда тўртинчи қурултойида Туркистон Мухторияти ташкил топган. Мухторият учун муваққат ҳукумат тузилиб, марказ Қўқон шаҳри этиб белгиланган. Аммо. келаси йилнинг февраль ойида, ҳокимиятга маҳкам ўрнашган советлар Туркистон Мухториятига ҳарбий куч воситасида барҳам берган. Мухторият 1918 йилнинг 22 февраль куни тугатилган.
Ўзбекистон 1991 йилгача, аввалига Россия империяси, кейинроқ Совет Иттифоқи таркибига кирувчи қарам ўлка сифатида ҳаёт кечирди. Иттифоқ маркази Москва шаҳрида бўлган август ҳаракатлари бошқа кўплаб республикалар учун озодлик нафасини олиб келди. Аслида, Иттифоқда озодлик ҳаракати 1989 йил Болтиқбўйи республикаларида бошланган эди. Бу ҳаракат Марказий Осиёда 90 йиллар бошиданоқ юзага келди. 1991 йил 31 август куни биринчи президент Ислом Каримов томонидан Мустақиллик эълон қилиниб, 1 сентябр байрам сифатида нишонланиши айтилди.
Ўзбекистон ҳудудида Россия босқинига қадар асосан ўзбеклар, тожиклар, қорақалпоқлар, қозоқ, қирғиз ва туркманлар яшаган. Шунингдек, мамлакатда тарихан истиқомат қилиб келаётган ва этник озчиликни ташкил қилувчи гуруҳларлар ҳам мавжуд эди (масалан, Бухоро яҳудийлари ва араблар).
Иккинчи Жаҳон уруши даврида Иттифоқдаги кўчиришлар ва сургун қилишлар натижасида этник таркиб хилма хил кўриниш олди. Бугунги кунда Республикада 100 дан ортиқ миллат ва элат истиқомат қилади.
Ўзбекистон аҳолиси сони ҳам мунтазам кўтарилиб борган. Этник таркибнинг кўпайиши ҳам бу жараёнга туртки бериб, муҳим аҳамият касб этган. Ҳозирда Ўзбекистон аҳолиси 36 миллиондан зиёдни ташкил этади. Аксарият аҳоли (87%) ўзбеклардан иборат. 51% аҳоли шаҳрларда яшаса, қолган 49% одамлар қишлоқ ҳаётида яшайдилар. Аҳоли орасида эркак ва аёларнинг сони ҳам бир-бирига анча яқин бўлиб, таҳминан эркаклар 17.9 миллион, аёллар 17.7 миллионни ташкил қилади.
Статистикага қарайдиган бўлсак, мамлакат аҳолиси анча «ёш»дир. Яъни, аҳоли умумий миқдорининг 42%ини меҳнатга лаёқатли давргача бўлган ёшлар, 51%и меҳнатга лаёқатли ва 7% меҳнатга лаёқатли даврдан катта ёшлилар ташкил этади.
Ўзбекистон иқлими тўрт фаслми ўзида мужассам этади. Ёзи иссиқ, қиши совуқдир. Сўнгги йилларда кузатилаётган газ муаммолари қишни янада совуқроқ бўлишига ҳисса қўшмоқда. Ёғингарчилик асосан куз-қиш мавсумида кузатилсада, бу ҳолат баҳорда ҳам кузатилиб туради. Мамлакат ҳудуди тоғлар, текисликлар, чўллар ва адирлардан ташкил топган.
Орол денгизининг қуриши натижасида вужудга келган Орол чўли ҳам эндиликда Ўзбекистон ҳудуди таркибига киради. Охирги вақтларда республика иқлимида ўзгаришлар кузатилмоқда. Аномал ёз ва аномал қиш келиши одатий ҳолга айланмоқда. Юқорида таъкинлаганимиз, Орол денгизининг қуриши ҳам яқин ҳудудларга ўз таъсирини ўтказмоқда.
Мавзуга доир: Орол денгизи ҳақида билиб олинг
Ўзбекистон дунёвий давлат бўлишига қарамай, миллий ва диний анъаналар, расм-русумлар ҳам давлат томонидан эъзозланади. Буни мамлакатда расман қайд этилган байрамлар рўйхатида кўришимиз мумкин:
Ўзбекистон 12 та вилоят, Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан ташкил топган. Мамлакатда Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Қўқон ва Фарғона каби шаҳарлар нисбатан машҳур ва маълумдир. Тошкент мамлакат пойтахти вазифасини бажарса, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари мажозий маънода мамлакат тарихини ўзида акс эттиради.
Ўзбекистон вилоятлари ва вилоят марказлари:
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: