15:05 | 30.11.23

                       

Жаҳондаги энг йирик коммунистик бошқарув: Хитой ҳақида нималар биласиз?

Хитой Халқ Республикаси ҳақида маълумотлар ва фактлар, мамлакат тарихи, этимологияси ҳамда аҳолиси ҳақида билиб олинг

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил Сурхондарё вилоятига қилган амалий ташрифи чоғида Ўзбекистон мудофаа тизимида мавжуд учувчисиз учоқлар тақдим қилинди. Бу учоқлар орасида Туркиянинг «Байроқдор» дронлари билан бир қаторда, Хитойда ишлаб чиқарилган дронлар ҳам борлиги айтилган. Билиш мумкинки, Ўзбекистон кўп соҳаларда, жумладан ҳарбий соҳада ҳам Хитой Халқ Республикаси билан алоқаларни йўлга қўйган.

Бугунги кунда автомобил саноатидан тортиб қурилиш материаллари савдосигача бўлган аксар соҳаларда бу давлат билан ҳамкорликлар амалга оширилмоқда. Ҳўш, кенг кўламли савдо алоқалари йўлга қўйилган бу мамлакат ҳақида биламизми? Ўзбекистонликлар Хитой сиёсати, мудофаси, мамлакат иқтисодиёти ҳамда аҳоли демографияси каби маълумотлардан хабардорми?

Аҳоли. Хитой.
Фото: The Conversation

Bugun.uz айни шу мақсадда ўз муштарийларига Хитой Халқ Республикаси ҳақида фактлар, мамлакат тарихи ва географияси каби қатор маълумотларни ҳавола этади.

Этимология. Хитой номининг келиб чиқиши

Минтақамизда Хитой давлати «Чин» дея номланган. Бу атама бошқа минтақаларда, жумладан Яқин Шарқ ва Ҳиндистонда ҳам мавжуд эди. Аммо, дастлабки даврларда хитойликлар мамлакат номини ифодалашда бу сўздан фойдаланмаганлар. Чин сўзи қадимги санскрит тилидан олинган (ची – Сīnа). Бу сўз форс манбаларида ҳам учрайди (چین – чин). Бу сўз ўрта асрлар Европаси учун ҳам бегона бўлмаган. Инглиз таржимони Ричард Эден Ҳиндистонда бўлиб қайтган португал офицери ва татқиқотчиси Дуарте Барбосанинг қайдларини таржима қилиш вақтида бу сўзга дуч келади.

Хитой девори.
Фото: TravelPulse

Чин сўзи илк бор ҳинд манбаларида, жумладан Маҳабҳаратда учрайди. Баъзи тарихчилар мамлакат номи милоддан олдинги даврда (221-206 йиллар) ҳукмронлик қилган Чин сулолаласи номидан келиб чиққанини таъкидлашади. Бироқ, биз юқорида келтирган ҳинд манбалари сулола ҳукмронлигидан олдин ёзилган. Санскритча сўзнинг келиб чиқиши мунозарали масаладир. Муқобил таклифлар орасида «Еланг», «Жинг» ҳамда «Чу» давлати номлари мавжуд.

Бугунги кундаги замонавий Хитой давлатининг номи «Хитой Халқ Республикаси»дир.

Хитой географияси

Хитой географияси (ландшафти) кенг ва хилма-хил бўлиб, ҳудуд қурғоқчил шимолдаги Гоби ва Такламакан чўлларидан тортиб, жанубдаги субтропик ўрмонлардан иборат. Ҳимолой, Қоракорам, Помир ва Тян-Шан тоғ тизмалари Хитойни Жанубий ва Марказий Осиёнинг катта қисмидан ажратиб турувчи чегара ҳисобланади. Янтсзи ва Хуанхе дарёлари Тибетдан бошланиб то аҳоли зич яшовчи шарқий денгиз қирғоқларигача оқади.

Янцзи ва Хуанхе дарёлари дунёдаги энг узун дарёлар рейтинггида 3 ва 6 ўринларда туради.

Хитойнинг Тинч океани бўйлаб қирғоқ чизиғи узунлиги 14500 км бўлиб, Бохай, Сариқ, Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизлари билан чегараланган. Мамлакат Қозоғистон билан чегара орқали Евросиё чўли билан боғланади. Хитойнинг ландшафтлари унинг кенг ҳудудида сезиларли даражада фарқ қилади. Шарқда Сариқ денгиз ва Шарқий Хитой денгизи қирғоқлари бўйлаб кенг ва зич жойлашган текисликлар, шимолда эса, Ички Мўғул платосининг чеккаларида кенг яйловлар устунлик қилади.

Гоби саҳроси.
Фото: Дзен

Жанубий Хитойда ландшафтнинг асосий қисмини тепаликлар ва паст тоғ тизмалари ташкил қилади. Марказ ва қисман шарқда Хитойдаги икки йирик дарё ҳисобланган Хуанхе ва Янцзи дарёларининг дельталари жойлашган. Мамлакатда яна бир қатор Хи, Меконг, Браҳмапутра ва Амур дарёлари ҳам бор. Ғарбда йирик тоғ тизмалари, жумладан Ҳимолой тоғлари жойлашган. Шимолнинг Такламакан ва Гоби чўли каби қурғоқчил ландшафтлари орасида баланд платолар мавжуд.

Дунёнинг энг баланд нуқтаси Эверест (8848 метр) Хитой-Непал чегарасида жойлашган.

Хитой иқлими ва қишлоқ хўжалиги

Хитой иқлими асосан қуруқ фасллар ва нам муссонлардан иборат. Бу ҳолат ёз ва қиш ўртасида сезиларли ҳарорат фарқини юзага келтиради. Қишда юқори кенгликлардан келадиган совуқ ва қуруқ шимолий шамоллар келса, ёзда эса пастроқ кенгликларда қирғоқбўйи ҳудудларидан эсаётган иссиқ ва нам жанубий шамоллар келади.

Хитой ҳудудининг чўлланиши.
Фото: ASPI Strategist

Хитойда ҳам экологик муаммолар учрайди. Мамлакатдаги асосий экологик муаммо бу чўлларнинг, хусусан Гоби чўлининг доимий равишда кенгайишидир. 1970 йиллардан бери экилган тўсиқли дарахтлар линиялари қум бўронлари частотасини камайтирган бўлсада, узоқ давом этган қурғоқчилик ва қониқарсиз қишлоқ хўжалиги амалиётлари натижасида ҳар баҳор Хитой шимолини чанг бўронлари қамрам олади. Бу бўронлар Шарқий Осиёнинг бошқа ҳудудларига, жумладан Япония ва Кореяга ҳам тарқалди.

Хитой атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилоти (SEPA) 2007 йилда мамлакат чўлланиш туфайли йилига 4000 км2 йўқотаётганини айтган.

Сув сифати ва ифлосланишини назорат қилиш Хитойнинг бошқа мамлакатлар билан муносабатларида муҳим масалага айланди. Ҳимолойдаги музликларнинг эриши миллионлаб одамлар учун сув танқислигига олиб келиши мумкин.

Академикларнинг фикрига кўра, Хитойда иқлим ўзгаришини 1,5 °С (2,7 °F) даражасида чеклаш учун мамлакатда кўмирдан электр энергияси ишлаб чиқариш 2045 йилгача босқичма-босқич тўхтатилиши керак. Мавжуд чораларга кўра, Хитойнинг иссиқхона газлари эмиссияси 2025 йилда энг юқори чўққига чиқади ва 2030 йилга келиб улар 2022 йил даражасига қайтади. Бироқ, бундай йўл ҳали ҳам ҳароратнинг уч даражага кўтарилишига олиб келади.

Хитой табиати.
Фото: The Nature Conservancy

Хитой қишлоқ хўжалигининг ҳосилдорлиги ҳақидаги расмий ҳукумат статистикаси ишончсиз деб ҳисобланади. Сабаби, бу статистика ёрдамчи ҳукумат даражасида ишлаб чиқаришнинг бўрттирилганлиги билан изоҳланади. Хитойнинг катта қисми қишлоқ хўжалиги учун жуда мос иқлимга эга ва мамлакат гуруч, буғдой, помидор, бақлажон, узум, тарвуз, исмалоқ ва бошқа кўплаб экинлар бўйича дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчи саналади.

Хитой армияси

Халқ Озодлик Армияси (PLA) дунёдаги энг қудратли армиялардан бири бўлиб, сўнгги ўн йилликда жуда тез модернизация қилинган. Армия қуруқликдаги кучлар (PLAFG), денгиз флоти (PLAN), ҳаво кучлари (PLAAF), ракета кучлари (PLARF) ва стратегик қўллаб-қувватлаш кучларидан (PLASSF) ташкил топган. Мамлакат армиясида қарийб 2,2 миллион фаол ходим хизмат қилиб, бу дунёдаги энг йирик кўрсаткичдир.

Хитой армияси.
Фото: The New York Times

Хитой ядровий қурол захираси бўйича дунёда учинчи, денгиз флоти эса иккинчи ўринда қайд этилади. Хитойнинг 2022 йил учун расмий ҳарбий бюджети 230 миллиард АҚШ долларини (1,45 триллион юан) ташкил этган ва бу маблағ армия сарф-ҳаражатлари бўйича дунёда иккинчи ҳисобланади.

SIPRI ташкилоти 2022 йил Хитой армияси учун сарфланган реал харажатлар 292 миллиард АҚШ долларни ташкил этган дея таъкидлаган.

SIPRI маълумотларига кўра, 2012 йилдан 2021 йилгача Хитой ҳарбий харажатлари йилига ўртача 215 миллиард АҚШ долларини ёки ЯИМнинг 1,7 фоизини ташкил этган бўлсада, мамлакат йилига 734 миллиард АҚШ доллари ёки ЯИМнинг 3,6 фоизини сарфлаҳан АҚШдан ортда қолган.

Хитой армияси.
Фото: Army Times

PLA’га партия ва давлатнинг Марказий Ҳарбий Комиссияси (СМС) раҳбарлик қилади. Расмий равишда улар икки алоҳида ташкилот бўлсада, иккита СМС бир хил аъзоликка эга бўлиб, улаэр самарали фаолият олиб боради. Марказий Ҳарбий Комиссия раиси PLA’нинг бош қўмондони ҳисобланади.

Хитой аҳолиси. Демография

2020 йил Хитойда аҳолини рўйхатга олиш амалиёти ўтказилган ва ҳисоб-китоблар мамлакатда 1,411,778,724 киши истиқомат қилишини кўрсатган. Тахминан, аҳолининг 17,95% қисми 14 ёшгача бўлган болаларни ташкил этган бўлса, 63,35% 15 дан 59 ёшгача ва 18,7% 60 ёшдан ошган фуқаролар аниқланган. Хитойда 2010-2020 йиллар мобайнида аҳолининг ўртача ўсиш суръати 0,53% ни ташкил этган.

Хитой аҳолисинг ўсиши.
Фото: Global Times

1970 йилларда Хитойда ҳар бир оила учун иккитагача фарзанд кўриш чеклови киритилди. 1979 йилдан эса битта фарзанд чеклови жорий этилди. Бироқ, мамлкатнинг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган қисмида аҳоли сонининг етишмаслиги маълум бир имтиёзларга йўл очди. Натижада, 1980 йилларнинг ўрталаридан то 2015 йилгача умумий олиб қараганда «1,5» бола сиёсати амалга оширилди.

Хитойда этник озчиликни ташкил этувчи қатлам ҳам «бир болалик» чекловларидан озод қилинган.

Бу сиёсатнинг навбатдаги юмшатилиши 2013 йил декабр ойида кучга кирган бўлиб, агар ота-онадан бири ёлғиз фарзанд бўлса, оилаларга икки фарзанд кўришга рухсат берилди. 2016 йилда бир бола сиёсати икки бола сиёсатига ўзгартирилди. 2021 йил 31 майда аҳолининг қариши сабаб уч фарзанд сиёсати эълон қилинди. 2021 йил июл ойида барча чекловлар ҳамда улар учун белгиланган жазолар олиб ташланди.

Хитойда аҳоли популацияси.
Фото: Reuters

2020 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Хитойда туғилишнинг умумий коэффитсиенти 1,3 ни ташкил қилган. Бироқ баъзи экспертлар чекловларни юмшатишнинг вақтинчалик таъсиридан сўнг, мамлакатнинг ҳақиқий туғилиш даражаси 1,1 га тенг деб ҳисоблашади. 2023 йилда Миллий статистика бюроси 2021 йилдан 2022 йилгача аҳоли сони 850 000 кишига камайганини маълум қилди.

Бу кўрсаткич 1961 йилдан бери илк бор Хитой аҳолисининг қисқарганини англатади.

Бир гуруҳ олимларнинг фикрига кўра, бир бола чегараси аҳоли сонининг ўсишига ёки умумий аҳоли сонига сезиларли таъсир қилмаган. Бироқ, олимларнинг бу фикри қаттиқ танқидга учради. Уларнинг изоҳлашича, ўғил болалар учун мавжуд бўлган анъанавий афзаллик билан бир қаторда, туғилишда жинсий номутаносибликка йўл қўйилган. 2020 йилги аҳолини рўйхатга олиш шуни кўрсатдики, эркаклар умумий аҳолининг 51,2% ни ташкил қилади.

Хитойдаги жинсий номутаносиблик 1953 йилдагига қараганда анча мувозанатли бўлиб, ўшанда эркаклар аҳолининг 51,8% ни ташкил қилган.

Хитой сиёсати

Хитой Халқ Республикаси бир партиявий давлат бўлиб, Хитой Коммунистик партияси (ХКП) томонидан бошқарилади. Ҳозирда Хитой коммунистик партия томонидан бошқариладиган сўнгги давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат конституциясида ХХР «ишчилар синфи бошчилигидаги ҳамда ишчилар ва деҳқонлар иттифоқига асосланган халқ демократик диктатураси томонидан бошқариладиган социалистик давлат» эканлиги, давлат институтлари «демократик марказлашув тамойилига амал қилиши» таъкидланган.

Хитой халқ раиси.
Фото: Гордон

Шунингдек, контитуцияда «Хитой хусусиятларига эга социализмнинг белгиловчи хусусияти Хитой Коммунистик партиясининг этакчилигидир» деб ҳам қайд этилган. Хитой ҳукуматини «социалистик маслаҳат демократияси» ва «бутун жараёнли халқ демократияси» каби атамаларни ишлатиб, расман ўзини демократия деб атайди. Бироқ, мамлакат одатда авторитар бир партиявий давлат саналиб, диктатура сифатида таърифланади.

Хитой коммунистик партияси.
Фото: The New York Times

Бу эса, мамлакатни кўплаб соҳаларда энг оғир чекловлар қўллайдиган давлатлар рўйхатига киритиб, хусусан, матбуот эркинлиги, йиғилишлар эркинлиги, репродуктив ҳуқуқлар, эркинлик, ижтимоий ташкилотларнинг шаклланиши, эътиқод эркинлиги ва интернетдан эркин фойдаланиш каби ҳуқуқларни поймол қилишда айбланади. Хитой доимий равишда Economist Intelligense Unit демократия индексига кўра, «авторитар режим» сифатида энг паст ўринларни эгаллаб келмоқда.

Хитой бу индексда 2022 йил 167 мамлакат ичида 156-ўринни эгаллаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: