19:20 | 08.11.23

                       

Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти — Economic Cooperation Organisation

Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти ҳақида маълумотлар ва қизиқарли фактларни билиб олинг. Фото ва видеолар

Пойтахт Тошкент шаҳри ноябр ойининг биринчи ўн кунлигида халқаро даражадаги тадбирга, ИҲТ саммитига мезбонлик қилмоқда. Ҳозирда пойтахтнинг қатор кўчалари ёпилган, аъзо давлатлардан келган делегатлар учун бир қатор шарт-шароитлар яратилган. Саммит 8-9- ноябр кунлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, тадбир ўтказилишига катта ресурс ва куч сарф этилмоқда.

Суратда ИҲТ 15-саммити иштирокчилари тасвирланган. 15- Туркманистонда, 2021 йилда ўтказилган.
Фото: avim.org.tr

Эндиликда барчани қизиқтирган савол, ИҲТ нима? У қандай ташкилот? деган саволлар ҳам янграш эҳтимоли кам эмас. Ҳатто, бу ташкилотни умрида илк бор эшитиб турган инсонлар ҳам бор бўлиши мумкин.

Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти

Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) Ислом конференцияси ва БМТда кузатувчи мақомига эга ташкилотдир. Ташкилот аъзо давлатларнинг фан-техникавий, иқтисодий ва маданий ҳамкорлиги юзасидан ташкил этилган.

Ташкилотнинг вужудга келиш тарихи

Ташкилотнинг илк номи «Минтақавий Ҳамкорликни Ривожлантириш» бўлиб, Туркия, Эрон ва Покистон давлатлари томонидан, 1964 йилда ташкил этилган. ХХ асрнинг 70 йилларига келиб ички савдонинг сусайиб кетиши МҲРнинг фаолиятини тўхтатишга сабаб бўлган. 1985 йилда «Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти» номи остида ўз фаолиятини қайтадан бошлаган. ИҲТ ҳозирги кўринишга 1992 йил 28 ноябрдаги фавқулодда йиғилишдан сўнг эришган. Покистон пойтахти Исломободда бўлган йиғилишда Афғонистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари қатнашган ҳамда давлатлар ташкилотга аъзо бўлишган.

Суратда 1992 йилги Исломобод шаҳрида ўтказилган фавқулодда йиғилиш қатнашчилари тасвирланган.
Фото: Economic Cooperation Organisation

ИҲТнинг асосий мақсадлари

Ташкилотнинг асосий мақсадлари ўлароқ, савдо-сотиқ алоқаларини юксалтириш, ҳар бир аъзо мамлакатда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлашдир. Шунингдек, аъзо мамлакатларнинг маданий алоқаларини юксалтириш ҳам ташкилотнинг асосий мақсади ҳисобланади. Умумий қилиб айтганда, давлатлар аро иқтисодий алоқаларни яхшилашдир.

Саммитлар ва Бош котиблар

ИҲТ тарихида энг кўп саммитларга мезбонлик қилган давлат Туркиядир (4 марта). Кейинги ўринларда Эрон ва Туркманистон бўлиб, бу икки давлат 3 мартадан ИҲТ саммитларига мезбонлик қилганлар. Ҳозирда Тошкентда ўтаётган саммит Ўзбекистон мезбонлик қилаётган илк ИҲТ саммитидир. Шунингдек, ташкилотнинг Бош котиблари ҳам бўлиб, улар котибият курсисини ўрин алмашган ҳолда бошқарувчи шахслардир. Бу йилги саммит котиби Тожикистонлик Ҳусрав Нозири ҳисобланади.

ИҲТ тарихида биронта ҳам Ўзбекистонлик котиб бўлмаган

ИҲТга азо давлатлар

Ташкилот географик жиҳатдан катта бўлиб, Яқин Шарқдан Жануби-шарқий Осиё чегарасига қадар чўзилган.

  • Афғонистон
  • Эрон
  • Озарбайжон
  • Покистон
  • Қирғизистон
  • Қозоғистон
  • Тожикистон
  • Туркия
  • Туркманистон
  • Ўзбекистон

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: