16:39 | 14.11.23

                       

Тарихдан сўзловчи шаҳар — Самарқанд

Самарқанд ҳақида маълумотлар ва фактларни билиб олинг. Фото ҳамда видеолар

Ўзбекистон тарихий ва маданий шаҳарларга бой мамлакатдир. Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Термиз каби қадим тарихга эга шаҳарлар қаторида Самарқанд алоҳида эътиборга молик заминдир. Нафақат Ўзбекистон, балки, бутун Марказий Осиё минтақасида бу шаҳар нуфузи ва обрўйи баланддир. Ҳар йили минтақанинг турли ерларидан ҳамда бутун дунёдан Самарқандга туристлар оқими авж олади.

Суратда Самарқанднинг юқоридан кўриниши тасвирланган.
Фото: Samsity.uz

Шаҳар тарихан Осиё халқлари учун маданий чорраҳа вазифасини ўтабгина қолмай, мамлакатда мавжуд бўлган давлатлар учун пойтахт вазифасини ҳам ўтаган. Жумладан, буюк соҳибқирон Амир Темур давлати учун ҳам пойтахт бўлиб хизмат қилган бу шаҳар ўзида ўзбек миллатининг тарихини, у бошидан кечирган шонли ва қонли кунларни акс эттиради.

Bugun.uz Ўзбекистондаги энг қадимий шаҳар бўлмиш Самарқанд ҳақида турли маълумотлар, фактлар, фото ҳамда видеоларни сиз азизлар учун бир ерга жамлади.

Самарқанд ҳақида умумий маълумотлар

Самарқанд вилояти ҳозирги Ўзбекистонда жойлашган тарихий ва маданий марказдир. Мамлакат учун юқори аҳамиятга эга бўлиб, харитада қарайдиган бўлсак, республика марказида жойлашган. Вилоят Ўзбекистоннинг жануби-ғарбида, Зарафшон водийсининг марказий қисмида жойлашиб, Навоий, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари билан чегарадошдир. Вилоят маркази Самарқанд шаҳридир. Денгиз сатҳидан ўртача 695 метр баландликда жойлашган бу ҳудуд аҳолиси Шовдор ва Боғишамол ариқларидан сув олади. Майдони 120 км² ни, аҳолиси эса, 1 млн 50 минг кишини ташкил қилади.

Суратда Самарқанд вилоятининг Ўзбекистон харитасида жойлашуви акс этган.
Фото: geografiya.uz

Самарқанд номининг келиб чиқиш тарихи

Вилоят, жумладан шаҳар номининг келиб чиқишига оид бир қанча қарашлар мавжуд. Баъзи тарихчилар Самарқанд сўзидаги илк қисм, яъни «самар» атамаси тарихда шу ҳудудни босиб олган ва шаҳарга асос солган инсонга тегишли деб қарайдилар. Бироқ, тарих китобларида ва манбаларда бундай исмли шахс ҳақида бирон-бир маълумот учрамайди. Сўздаги иккинчи қисм эса, «кент — канд» шаҳар, қишлоқ деган маʼноларни англатади.

Антик давр муаллифлари шаҳарни «Мароқанда» дея номлашган. Бази ғарб олимлари Самарқанд номи қадимги санскритча сўздан келиб чиқаан дея иддао қилишади (санскритча самаря). Абу Райҳон Беруний бу номни «Семизкент» атамасининг нотўғри талаффузи натижасида келиб чиқаанлигини айтади. Испан сайёҳи Клавихо ҳам Беруний билан бир хил позицияда бўлиб, бу фикрни қувватлайди.

Семизкент сўзи «семиз қишлоқ» деган маънони англатади.

Самарқанд тарихи

Самарқанд дунёдаги энг қадимий жойлардан бири бўлиб, 2700 йиллик тарихга эга. Шаҳар милоддан олдинги IV асрдан то милодий VI асргача Суғд давлатининг пойтахти бўлган. Ҳудудда палеолит даврида ҳам одамлар яшагани айтилади. Милоддан олдинги 329 йил, Александр Македонский лашкари шаҳарни вайрон қилади. Шаҳарни озод қилишга уринган Спитаменнинг боши кўчманчи қабилалалар роҳнамолари томонидан Александрга сулҳ сифатида жўнатилади.

Рим тарихчиси Квинт Курсий Руфнинг ёзишича, Самарқанд қалъаси деворининг айланаси тахминан 10,5 км бўлган (милоддан аввал I аср охири – милодий I аср).

Кейинчалик, Самарқанд Турк хоқонлиги ва Ғарбий турк хоқонлиги таркибига қўшиб олинган. Ундан сўнг, шаҳар кўплаб давлатлар, жумладан Араб халифалиги, Сомонийлар ва Қорахонийлар таркибида бўлган. Моғуллар босқини Самарқандни четлаб ўтмаган. Бошқа шаҳарлар каби Самарқанд ҳам жуд кўп вайронагарчиликларни бошдан кечирган.

Суратда Самарқанд шаҳрида жойлашган Регистон майдони тасвирланган.
Фото: Bugun.uz

Амир Темур давлатининг ташкил топиши шаҳар номини дунё даражасига олиб чиққан ва савдо йўлидаги мақомини юқорилаган. Темур даврида Самарқандда кўплаб меъморчилик ишлари амалга оширилган. Бир сўз билан айтганда, Самарқанд замин сайқалига айланган. Эрон меъморчилиги асосида шакллантирилган шаҳар архитектураси туркий ва форсий маданиятнинг ўзаро уйғунлигини акс эттирган. Келаси даврдаги Шайбонийлар ҳукмронлиги ҳам шаҳар учун бир нечта ўзгаришларни амалга оширди. Хусусан, Темурий ҳукмдор Мирзо Улуғбек даврида қад ростлаган мадраса атрофи кейинги даврда комплекс кўринишини олди ва Регистон майдони шаклланди.

Регистон — Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир томонидан молиялаштирилган ва ҳоким раҳбарлигида янгитдан қурилган. Регистон ҳақида батафсил маълумотлар билан қуйидаги ҳавола орқали танишиб чиқишингиз мумкин.

Самарқанд Чор Россияси ва Советлар даврида ҳам аҳамиятини йўқотмади. Бу даврда бутун вилоят ҳудуди саноатлаштирилиб, завод ва фабрикалар қад ростлади. Шаҳар маълум вақт ЎзССР пойтахти вазифасини ҳам бажарди. Мустамлака даврида Самарқанддан кўплаб зиёлилар (жадидлар) ҳамда қўрбошилик ҳаракати етакчилари етишиб чиқди. Бу жараён мустақиликка эришиш даврида ва ҳозир ҳам давом этиб келмоқда.

Тарихда Ўзбекистонда учта шаҳар пойтахт мақомига эга бўлган. Дастлаб Бухоро, Кейин Самарқанд ва сўнгра Тошкент шаҳри.

Самарқанднинг ҳудудий бўлиниши

Самарқанд шаҳрининг умумий майдони 120 км²ни ташкил қилади. Шаҳар ҳудудини Самарқанд тумани ўраб туради. Шаҳар туман ҳудудига кирмайди ва вилоят ҳокимлигига бўйсунувчи вилоят маркази мақомига эга. Бугун кунда Самарқанд (шаҳар ичидаги маҳаллаларни инобатга олмаганда) маъмурий-ҳудудий жиҳатдан бўлинмаган. Шаҳар ҳудудини маъмурий жиҳатдан бўлиш 1939 йилда амалга оширилган. Шунда шаҳаҳр ҳудуди уч қисмга бўлиниб, унга кўра:

  • Боғи-Шамол — шаҳарнинг марказий қисми
  • Сиёб — шаҳарнинг шарқий қисми
  • Железнодорожний — шаҳарнинг ғарбий қисмини ташкил қилади.

1950 йилда бу уч туман бекор қилиниб, негадир 1976 йилда қайтадан ташкил қилинган. Қайта ташкил қилишда Боғи-шамол номи Боғишамолга ўзгартирилган. 1990 йилда эса, Железнодорожний тумани Темирйўл номини олди. 2003 йил сўнгида Самарқанд шаҳрининг барча уч тумани бекор қилиши ҳақида қарор қабул қилиниб, орадан бир йил ўтгач, 2004 йилнинг 1 январида ушбу туманлар бекор қилинди.

Суратда Самарқанд вилоятининг ҳудудий бўлиниши тасвирланган.
Фото: Ufez.

Самарқанд аҳолиси

Маълумотларга кўра, Самарқандда 1841 -1870 йилларда 10 минг маҳаллий аҳоли истиқомат қилган. Доимий миграция ва иммиграция, иккинчи жаҳон уруши йилларидаги мажбурой кўчиришлар ва яна бир қанча омиллар бу маълумотларни янгилаб турган.

Унга кўра:

  • 1865 йил 26000
  • 1897 йил 55000
  • 1939 йил 136000
  • 1959 йил 196000
  • 1970 йил 267000
  • 1975 йил 299000,

2015 йилдаги кўрсаткичлар эса, ярим миллиондан зиёд аҳоли мавжудлигини қайд этган (504400).

Самарқанд аҳолисини ўзбеклар, тожиклар ва эронийлар ташкил қилади. Баъзи манбаларда, шаҳар аҳолисининг аксарини тожиклар қайд этиши иддао қилинган. Шунингдек, шаҳарда руслар, арманлар, татарлар, корейслар, озарбайжонлар, украинлар, яҳудийлар ва поляклар ҳам яшайди.

Суратда Самарқанд вилоятида аҳоли энг кўп қайси туманда яшаши кўрсатилган.
Фото: Самарқанд вилояти статистика бошқармаси.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: