14:10 | 06.11.23

                       

Регистон майдони

Самарқанднинг Регистон майдони ҳақида маълумотлар ва расмлар.

Регистон Самарқанд шаҳрида жойлашган, уч меъморий обидадан ташкил топган мажмуадир. Регистон ўзининг ранг-баранг кошинкори безаклари, нақшинкори пештоқлари ва улкан гумбазлари билан Марказий Осиё меъморчлигининг ноёб ёдгорлиги ҳисобланади.

Регистон ансамбли

Регистон ансамбли тарихи

Регистон қадимий Самарқанд шаҳрининг расмий маркази ҳисобланган. Тарихан илм, таълим муассасалари жойлашган жой бўлиб, шарқдаги шаҳар қурилиши санъатининг энг кўзга кўринарли намуналаридан биридир.

Регистон Самарқанд шаҳрининг илм-фан, сиёсат ва диний маркази бўлган. Ўрта асрларда, мусулмон оламининг барча катта шаҳарларида марказлар «Регистон» деб аталган. Шу каби номдаги майдонлар Бухоро, Шаҳрисабз ва Тошкентда ҳам мавжуд бўлган. Самарқанддаги Регистон майдони эса, Марказий Осиёдаги энг маҳобатли ва таҳсинга сазовор майдонлардан бири ҳисобланади. Майдонда бир неча минг йиллик тарих мужассам. Амир Темур ҳукмронлиги даврида Регистон Самарқанднинг марказига айлантирилди. Улуғбек даврида эса майдон бундан ҳам муҳимроқ аҳамиятга эга бўлди.

Регистон сўзи «қумлоқ жой» деган маънони англатади

Регистон ансамблида жойлашган тарихий обидалар

Улуғбек мадрасаси, Шердор мадрасаси ҳамда Тиллакори масжидлари майдондаги энг муҳим объектлар саналади. 2001 йилда бу уч мадраса UNESCOнинг бутун дунё ёдгорликлари рўйхатига ҳам киритилган.

Улуғбек мадрасаси

Дастлабки йилларда (1417–1420) Улуғбек мадрасаси бунёд этилиб, кейинчалик қаршисига, майдоннинг шарқий қисмида Улуғбек хонақоси (1424 йил), шимолий қисмига Мирзойи карвонсаройи, жанубига Алика Кўкалдош жума масжиди (1430 йил) бунёд этилган. Ён қисмида эса, ёғочдан хотамкори услубида Масжиди Муқатта ва Абусаид мадрасаси қурилган.

Шердор мадрасаси

1420–1440 йилларида Регистон ҳашаматли меъморий ансамблга айланган. ХVI асрда Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир вайрона ҳолатдаги Улуғбек хонақоси ўрнига Шердор мадрасасини (1619–1635/36), Мирзойи карвонсаройи ўрнига Тиллакори масжидини (1646/47–1659/60) қурдирган.

Тиллакори масжиди

Регистоннинг жанубий томонида халқ орасида «Чилдухтарон» деб аталмиш хонақоҳ ва мақбаралар жойлашган эди. Уларни Шайбоний ҳукмдор Кўчкинчихон қурдирган бўлиб, Тиллакори масжидига қўш қилиб бунёд этилган. Регистон майдони 1904 йилги зилзиладан сўнг харобага айланиб, 1910 йил бутунлай бузилган ва ўрни майдон бўлиб қолган.

Фото: cronobook / Регистон. 1912 йил.

Регистонга қанча турист ташриф буюради?

Регистон майдонига ҳар йили дунёнинг кўплаб бурчакларидан ҳамда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан миллиондан зиёд турист ташриф буюради. Биргина 2022 йилнинг ўзида Регистон майдонига 1 027 951 нафар маҳаллий ва хорижий туристлар ташриф буюрган. Америка, Европа ва Осиёдан ташриф буюрган сайёҳлар нафақат Регистон майдони, балки, Самарқандда мавжуд кўплаб меъморий ва тарихий обидалардан баҳраманд бўладилар.

Самарқандга ташриф буюрган туристлар.

Регистон майдонининг иш вақти

Регистон майдони ноябр-март ойларида соат 09:00 дан 17:00 гача хорижий ва маҳаллий меҳмонларга хизмат кўрсатади. Майдон апрел-октябр ойларида эса, соат 09:00 дан 20:00 гача фаолият олиб боради.

Регистон майдонига кириш қанча?

Регистон майдонига кириш нархи хорижий туристлар учун 40 000 сўм этиб белгиланган. Маҳаллий туристлар учун эса, майдонга кириш билети 5 000 сўм этиб белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: