10:12 | 25.12.23

                       

Андижонда қалбаки 500 минг долларнинг муомалага чиқарилишига чек қўйилди – видео

Шунингдек, Тошкент шаҳрида ҳам бир нечта шахслар Россия ва Туркияда тайёрланган қалбаки чет эл валюталарини ҳақиқий АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди.

ДХХ Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилганини маълум қилди. Унда Сурхондарё вилоятида яшовчи, 30 ёшли шахс 50 АҚШ доллари купюраларидан иборат бўлган қалбаки 19 250 АҚШ долларини ҳақиқий 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув давомида, у Россия Федерациясидан олиб келинган ушбу қалбаки купюраларни Қашқадарё вилоятида яшовчи, 32 ёшли фуқародан келгусида ўтказиш мақсадида сотиб олгани аниқланиб, у ҳам қўлга олинган.

Бу йўналишда ДХХ ходимлари Андижон шаҳрида ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказишган. Унда Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи, 2 нафар шахс қалбаки 500 минг АҚШ долларини харидор билан ҳақиқий 325 минг АҚШ долларига айирбошлашга келишиб, дастлаб унга намуна сифатида Қирғиз Республикасидан олиб келинган 100 АҚШ доллари купюраларидан иборат қалбаки 7 600 АҚШ долларини ҳақиқий 5 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган «Эркин» ЙПХ масканида Lacetti автомашинасида йўловчи сифатида кетаётган Бухоро шаҳрида яшовчи, 50 ёшли муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг ёнида 100 АҚШ доллари купюраларидан иборат қалбаки 8 900 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Маълум бўлишича, мазкур фуқаро Туркияда тайёрланиб, Қирғиз Республикаси орқали Ўзбекистонга олиб келинган ушбу қалбаки хорижий валюталарни келгусида сотиб, даромад топиш мақсадида Тошкент шаҳрига келаётган бўлган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 176-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда ишлаб чиқарилган қалбаки долларлар Қирғизистон ва Ўзбекистонда қайта сотилгани аниқлангани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: