11:42 | 04.11.23

                       

Байроқ бир кечада, марҳум президент Ислом Каримов томонидан чизилган

Ўзбекистон Давлат байроғи ҳақида маълумот, расм, видео ва ким томонидан чизилгани ҳақида билиб олинг

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи 1992 йил, мустақилликнинг илк йилларида қабул қилинган. Байроқ Ўзбекистон рамзи ҳисобланиб, у тоғрисида Конституцияда ҳам тўхталиб ўтилган.

Фото: Bugun.uz / Суратда Ўзбекистон Давлат байроғи акс этган.

Ўзбекистон Давлат байроғи қачон қабул қилинган?

«Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VIII сессиясида қабул қилинган.

Давлат байроғи ва ундаги рамз бугунги Ўзбекистоннинг қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади. Шунингдек, Давлат байроғи республиканинг миллий-маданий анъаналарини ҳам ўзида мужассамлаштирган.

Байроқдаги рангларнинг маъноси ва тимсоллар

1. Байроқдаги мовий рангда тириклик мазмуни акс этган бўлиб, мангу осмон ва обиҳаёт рамзидир. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни англатади. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда бўлган.

Фото: Bugun.uz / Суратда Халқлар Дўстлиги санъат саройи қаршисида ўрнатилган Ўзбекистон Давлат байроғи акс этган.

2. Байроқдаги оқ ранг муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва хаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.

3. Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.

4. Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини, қон томирларимизни англатади.

Ўзбекистон байроғининг шакли

Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матода акс этади. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг  кенглиги бир хил. Ҳар бир  эн  40  сантиметрга  тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган.

Фото: Bugun.uz / Суратда дорбозлар конструкциясига ўтнатилган Ўзбекистон Давлат байроғи акс этган.

Ўзбекистон байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган. Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузнинг  тасвири мовий  рангли  юқори эннинг  ўртасидан  70х30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган.

Оқ рангли янги ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади.
Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр.

Фото: Bugun.uz / Суратда схематик кўринишдаги Ўзбекистон Давлат байроғи акс этган.

Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади.

Ўзбекистон байроғини ким чизган?

Байроқ бир кечада, марҳум президент Ислом Каримов томонидан чизилган. Мустақилликнинг илк йилларида, давлат рамзлари устида бош қотираётган санъатшунослар ва соҳа мутахасислари Ислом Каримов томонидан чизилган байроқ эскизисини маъқуллайдилар.

Байроқ қабул қилинган сана 1992 йилдан то бугунги кунгача кенг нишонлаб келинади. Ҳар йили 18 ноябр куни мактабларда ўқувчилар томонидан чизилган Давлат байроғи ва улар томонидан айтилган байроқ ҳақидаги шерлар иштирокида тадбир ва байрамлар ўтказилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: