18:01 | 16.12.23
Шунингдек, «Чегара билмас мухбирлар» эълон қилган йиллик ҳисоботда 521 нафар журналист қамоққа олингани келтирилган.
2023 йилнинг 11 ойи давомида дунёда ўз фаолияти давомида ўлдирилган журналистлар сони 45 нафарни ташкил қилган. Бу ҳақда «Чегара билмас мухбирлар» халқаро нодавлат ташкилоти ҳисоботида келтирилган.
Журналистларнинг аксарияти, яъни 23 киши жанговар ҳудудларда репортаж тайёрлаш пайтида ҳалок бўлган. Улардан 17 нафар мухбир «ҲАМАС» ва Исроил ўртасидаги урушда қурбон бўлган. Шунингдек, йил давомида Украинадаги уруш туфайли икки журналист ҳалок бўлган.
Ташкилот Исроил-«ҲАМАС» ўртасидаги урушда журналистлик касбига алоқадорлик эҳтимоли бўлган жами 63 киши ҳалок бўлганини, бироқ барча ҳолатлар ҳам уларнинг ўлими мухбирлик иши туфайли содир бўлган ёки йўқлигини аниқлаш имконсизлигини билдирган.
Ташкилот ҳисоботда бутун дунё бўйлаб журналистларнинг ҳибсга олиниши ҳақидаги статистик маълумотларни ҳам тақдим этган. Ҳибсга олинган 521 журналистдан 121 нафари Хитойга тўғри келади. Таъқибга учраган журналистлар сони бўйича яна бир етакчи давлатлардан бири Беларус бўлиб, январ ойидан бери республикада 39 киши ҳибсга олинган. Россиядаги тергов ҳибсхоналари ва колонияларида эса 28 нафар журналист сақланмоқда.
Қайд этиш керак, Ғазодаги вазиятга қарамай бу йил журналистларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар 2022 йилга нисбатан 16 нафарга камайган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда блогер Олимжон Ҳайдаров 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.