21:00 | 17.12.22

                       

Бугун оқшоми. Вазифасидан олинган Хоразм ҳокими, Ўзбекистондан мажбуриятини бажаришни талаб қилган Толибон, Путин билан рингга чиқишга тайёрлигини айтган Зеленский

@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Толибон Ўзбекистондан ўз мажбуриятларини бажаришга чақирди

Аввалроқ Толибон Ўзбеккстон электр энергияси етказиб бера олмаётгани сабаб DABS компанияси Кобулда истеъмолчилар билан тузган шартномасини бажара олмаётганини айтганди. Шундан сўнг, Ўзбекистон томони ушбу айбловни рад этиб, Афғонитсонга электр энергияси етказиб бериш тўхтатилмагани, балки тармоқдаги носозликлар сабаб етарли миқдорда етказиб берилмаётганини маълум қилганди.

Фото: «Bugun.uz»

Толибон вакили, ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Муҳаммад Аббос Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев билан телефон суҳбатида яна шу муаммони кўтарган. «Sputnik Афғонистон» тарқатган хабарга кўра, ушбу суҳбат давомида Иргашев муаммоларни тан олган ва уларни ҳал қилиш ишлари кетаётганини маълум қилган. Шунингдек, у носозликлар юзага келишига об-ҳавонинг бирдан совиб кетиши сабаб бўлганини айтган.

Ўзбекистон президенти маслаҳатчисига тўрт нафар ўринбосар тайинланди

Президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисига икки нафар биринчи ўринбосар ва яна икки нафар ўринбосар тайинланди.

Улардан шу лавозимга тайинланган Қаҳрамон Қуронбоев ва Умарали Исмоиловлар аввал давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича Президент маслаҳатчисининг мос равишда биринчи ўринбосари ва ўринбосари лавозимида ишлаб келишган.

Қуронбоев эндиликда Президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолиятини давом эттиради.

Бунгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимини эгаллаб келаётган Қаҳрамон Сариев ҳам Президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашидаги бўшаб қолган лавозимга эса бунгача Хоразм вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Фарҳод Эрманов тайинланди. Жўрабеэк Раҳимов Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Фото: ЎзА

Шунингдек, Президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Улуғбек Муҳаммадиев Президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг яна бир ўринбосари лавозимига тайинланди.

Блогер Олимжон Ҳайдаров 21 млн сўм жаримага тортилганидан норозилигини билдирди

Аввалроқ Блогер Олимжон Ҳайдаров 21 миллион сўм жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди. У Фарғонадаги заводнинг газдан узилишига норозилик билдирган ишчилар ҳақидаги видеоларни ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилганди.

Фарғоналик блогер Олимжон Хайдаров суднинг 21 миллион сўм жарима тўлаш ҳақидаги қарори устидан апелляция судига ариза бермоқчилигини маълум қилди. Бу ҳақда у Facebook’даги саҳифасида ёзиб қолдирган.

«Бугун шуни ҳис қилдимки, материаллар жарима учун эмас, айнан 15 суткага қамаш учун мўлжаллаб тайёрланган, лекин Аллоҳнинг меҳрибонлиги билан бунга етарли далиллар тақдим қила олишмади», — деб ёзади у.

Андижонда поезд Damas’ни уриб юборди 

Андижон вилояти Избоскан туманида электровоз ҳамда Damas иштирокида тўқнашув содир бўлди.

Фото: Андижон ИИБ

Қайд этилишича, 17 декабрь куни соат 13:50 ларда Андижон вилояти Избоскан тумани ҳудудидан ўтган «Пойтуғ» темир йўл оралиғи 169 километр 10 пикетда жойлашган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида UZLR 0307-сонли электровоз ҳамда Damas иштирокида тўқнашув содир бўлган.

Хабарда келтирилишича, 1988 йилда туғилган фуқаро Б.Ё. ўзининг бошқарувида бўлган Damas автомашинасида темир йўл кесишмасидан ўтаётган вақтида туман тушганлиги сабабли ҳаракатланиб келаётган электровозни кўрмай қолиши оқибатида унинг йўлига чиқиб юборган.

Ходиса оқибатида Damas ҳайдовчиси тан жарохати олиб касалхонага ётқизилган.

Дунёда нима гап?

Зеленский Путин билан рингга чиқишга тайёрлигини маълум қилди

Украина президенти Владимир Зеленский Франция телеканалларидан бирига берган интервьюсида Россия раҳбари Владимир Путин билан яккама-якка муштлашишга тайёрлигини маълум қилди. Зеленскийнинг айтишича, ҳақиқий эркак ўз муаммоларини якка ўзи, ҳеч қандай воситачиларсиз ҳал қилади. Зелеснкий Путин билан эртагаёқ рингга чиқишга тайёрлигини айтган.

Фото: Twitter

Шунингдек у, Украина Россия билан саккиз йил давомида мулоқот қилишга урингани, эндиликда мамлакат жамиятининг бу ҳаракатга нисбатан муносабати ижобий эмаслигига қарамай, Путин билан музокара ўтказишга тайёрлигини билдирган. Фақат, Украина президенти воситачилари билан эмас, Путиннинг шахсан ўзи билан гаплашиши кераклиги маълум қилинган.

Москвада мигрантлар орасида инфекция тарқалишни бошлади

Москвада мигрантлар орасида менингококк инфекцияси тарқалаётгани маълум қилинди.

Фото: «РИА Новости»

Москва шаҳрининг бош санитар шифокори Елена Андрееванинг таъкидлашича, Москвада менингококк инфекцияси билан боғлиқ оғир вазият, асосан меҳнат муҳожирларида ушбу инфекция аниқланмоқда. Унинг сўзларига кўра, ёз ойидан буён касалланишлар сони кўпаймоқда.

Андрееванинг айтишича, ҳукумат вакцинани давлат захирасидан юборган ва ҳозирда бирламчи тиббий ёрдам мутахассислари дала гуруҳлари билан мигрантларни эмлашмоқда. Шунингдек, шифокор «жуда оғир клиник кўриниш, ўлим, юқумли инфекция» борлигини ҳам таъкидлади.

«Шаҳарда менингококк инфекцияси бўйича қийин вазият ҳукм сурмоқда. Асосан мигрантларда ушбу инфекция аниқланмоқда. Меҳнат муҳожирлари Москвага иммунитет жиҳатидан мутлақо «тоза» келгани ва шу сабабли улар касал бўлишмоқда. Бугун биз шаҳарни менингококк инфекцияси билан қопламаслик учун барча тайёргарлик блокини ишлаб чиқдик», — деди Елена Андреева.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг ўн ойида меҳнат муҳожирлари орасида 32 та касаллик ўчоғи аниқланган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: