17:20 | 03.12.23

                       

Чирчиқдаги ИИБ ҳибсхонасида 22 ёшли йигит вафот этгани бўйича Омбудсман ўрганиш бошлади

Йигит турли жароҳатлар билан ўзини осган ҳолда топилгани айтилган эди.

Тошкент вилоятида жойлашган Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳибсхонасида 22 ёшли йигитнинг ўзини осган ҳолда топилгани бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ўрганиш олиб бораётгани маълум қилинди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда йигитнинг ўғрилик жиноятида гумонланиб қамоққа олингани, унинг мурдаси танасидаги турли жароҳатлар ва бурун синиш ҳолатлари билан топилгани айтилган эди.

Омбудсман матбуот хизмати билдиришича, ҳолат назоратга олиниб, ишга тааллуқли маълумотлар сўраб олинган ва ўрганилмоқда.

Маълум бўлишича, ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан терговга кадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва марҳумга суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун вилоят прокуратурасига юборилади ва юқоридаги ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади.

Эслатиб ўтамиз, 22 ёшли йигит Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди (ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми «б» банди (фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган. У олдин ҳам Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «а» банди (босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиш) билан судланганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: