19:07 | 11.01.24

                       

«Док-1 Макс» иши бўйича навбатдаги сирлар фош бўлди

Сиропдан вафот этган болалар сони аслида 68 нафар бўлиб, яна 16 нафар бола ногирон бўлиб қолган. Икки нафари эса енгил жароҳат олган.

Хабарингиз бор, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» дори воситасини қабул қилган 65 нафар бола вафот этган эди. Тошкентда ушбу жиноят иши бўйича суд жараёни яна давом этмоқда.

Навбатдаги суд мажлисида маълум бўлдики, мазкур сиропдан вафот этган болалар сони аслида 68 нафар бўлиб, яна 16 нафар бола ногирон, 2 нафари эса енгил жароҳат олган.

Шу ўринда яна бир тушунарсиз ҳолатни айтиб ўтиш керак. Яъни суд жараёнида асосий айбдор С.Кариев тергов жараёнларида унга тазйиқ ўтказилганлигини маълум қилган. Лекин судянинг мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизасини ўтказиш борасидаги фикрини маъқулламаган. Унинг фикрича, орадан анча муддат ўтган, суд-тиббий экспертизасидан айтарли далил топиб бўлмас эмиш.

Ҳақли савол туғилади. Нега С.Кариев олти ойдан буён давом этаётган суд муҳокамаси давомида унга нисбатан куч ишлатилганлигини энди айтмоқда?! Унинг мақсади нима эди? Нега айбдор С.Кариевдан бошқа айбланувчилар уларга тазйиқ ўтказилганлик ҳолати бўйича ҳеч нарса демади? Бу норасида болаларнинг ўлимига сабабчилардан бири бўлган С.Кариевнинг одил судловни чалғитишга қаратилган навбатдаги ўйини эмасми!?

Яна бир гап. Суд мажлисида унинг қўл остида ишлаган деярли барча ходимлар томонидан суд мажлисида кўрилаётган барча ноқонуний ҳолатлардан С.Кариевнинг хабари борлигини, унинг топшириғи ёки кўрсатмаси асосида барча ноқонуний ишлар амалга оширилганлиги бўйича аниқ кўрсатма берилди. Улар берган кўрсатмалардан маълум бўладики, мамлакатимизга четдан кириб келаётган ҳар қандай дори воситаси унинг рухсатисиз мамлакатимизга киритилмаган.

Охирги суд жараёнларида С.Кариевнинг кўрсатмаларини диққат билан тинглаган инсон бир нарсани англаши қийин эмас. Яъни, у ўз айбини қўл остидаги ходимларга ағдаришга ҳаракат қилаяпти. Мисол учун, С.Кариев ўринбосари А.Азимов ва рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ш.Шодмановларни етарли асоси бўлмасада, 33 минг АҚШ доллари миқдорида пора олганликда айблаган. С. Кариев адвокатларнинг мазкур ҳолатни ўз кўзингиз билан кўрдингизми, етарли асосларингиз мавжудми каби саволларига аниқ жавоб бера олмасдан, бу ўзининг шахсий фикри эканлигини таъкидлаган, холос.

Ҳудди шунга ўхшаш ҳолатни Экспертлар кенгаши котиби У.Темировни айблаши жараёнида ҳам кўришимиз мумкин. Гўёки у «Док-1 Макс» сиропининг қайта рўйхатдан ўтказилиши тўғрисидаги ҳужжатга У.Темиров томонидан олиб келинган ҳужжатлар орасида қарамай имзо қўйганлигини маълум қилган. Агар унинг кўрсатмасига ишонадиган бўлсак, бутун бошли мамлакат аҳолиси соғлиғи ишониб топширилган инсон минглаб, эҳтимол миллионлаб кириб келаётган дорилар ҳужжатларини қарамасдан имзо қўйиб келган бўлиб чиқмоқдами?! Мазкур ҳолатни ўзи ҳам унинг эгаллаб турган вазифасидан ғараз мақсадларда фойдаланиб, милионлаб инсонларни ҳаётини тизимли равишда хавф остида қолдириб келганлигини кўрсатмоқда.

С.Кариев шунча ноқонуний ишларига қарамай, суд мажлисларида вафот этган болалаларнинг яқинларига қайси юз билан ҳамдардлик билдирмоқда!? Гўёки, 68 нафар норасида боланинг ҳаётига зомин бўлгани ва 18 нафарининг ногирон бўлиб қолишига асосий айбдор эканлигини шу йўл билан оқламоқчидек!

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, С.Кариев 68 нафар бегуноҳ боланинг вафоти ва 18 нафарининг бир умр ногирон бўлиб қолишига йўл қўйиб бериб, бундан заррача виждони қийналмай, аксинча озодликка чиқиш учун ҳар қандай туҳматдан, хусусан, ўз қўл остидагиларни айблаш орқали жавобгарликдан қутулишга интилаётганлиги ҳар қандай кишини ажаблантиради.

Муаллиф: Ғанишер Тоғаев

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда «Док-1 Макс» иши кўриб чиқилаётган суд биносига бомба қўйиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу йилнинг 5 январ куни Тошкент шаҳар судида «Док-1 Макс» иши бўйича прокурорнинг қўшимча айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди. Бундан ташқари, ушбу сиропдан вафот этган болаларнинг оилаларига компенсация тўланиши мумкинлиги ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: