9:56 | 19.01.23

                       

«Док-1 Макс» сиропидан вафот этган болаларнинг оилаларига компенсация тўланиши мумкин

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг айтишича, агарда «Док-1 Макс» сиропини ичишдан вафот этган болалар ўлими расман тасдиқланса, уларнинг оилаларига компенсация тўлаб берилиши мумкин

Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» сиропини ичиш оқибатида вафот этган болаларнинг ўлими сабаби тасдиқланса, уларнинг оилаларига компенсация тўлаб берилиши мумкин. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова маълум қилди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Боситхонованинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳар бир ўлим ҳолати бўйича тергов олиб борилиб (расман 20 нафар боланинг ўлими ҳақида маълум қилинган), улар ичган дори воситалари аниқланмоқда.

«Заҳарланиш содир бўлган дори воситалари ҳужжат билан тасдиқланса, компенсация тўлаш бўйича юридик жараёнлар бошланиши мумкин. Агарда компенсациянинг барча суммаси тасдиқланса, улар гап-сўзсиз тўлаб берилади», — дейди у.

Элмира Боситхонованинг қўшимча қилишича, одамлар ушбу дори воситасига шу қадар ишонганки, шифокорга маслаҳат сўраб мурожаат қилмасдан, уни ўзлари сотиб олган.

Декабрь охирларига келиб ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари сабаб Самарқандда 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган.

Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб, уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар. Кейинроқ Деҳқонобод туманида ҳам 1 ёшли бола «Док-1 Макс» сиропидан вафот этди. 7 январь куни Наманганда ҳам 3 ёшли бола «Док-1 Макс» препаратидан заҳарланиб вафот этди.

Заҳарли дорилар Ўзбекистонга қандай кириб келган?

Marion Biotech’нинг Ўзбекистондаги дистрибютори — Quramax Medical МЧЖ. Бу фирма 2006 йилда рўйхатдан ўтган; раҳбари — Сингҳ Рагвендра Пратар. «Док-1 Макс» сиропи мамлакатда 2012 йилда рўйхатга олиниб, сотувга чиқарилган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш, сифат назорати, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш бўйича ваколатли орган ССВ ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳисобланади. Агентликнинг бу йўналишдаги ишчи органи — Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази.

Агентлик ва унинг ҳузуридаги марказ директори 30 декабрга қадар Сардор Қориев эди. Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев болалар ўлимига йўл қўйгани учун уни ишдан олди. Амалдаги тартибга биноан, Ўзбекистонда рўйхатга олинган ва импорт қилинган дориларнинг ҳар бир партияси ёки серияси мувофиқлик сертификатини олиши керак. Сертификати бўлмаган дори воситалари божхонадан ўтказилмайди.

Дори воситаларини сертификатлаш бўйича аккредитацияга эга жами 7 та ташкилот бор, шундан 6 таси Фармацевтика агентлиги тизимига киради. «Док-1 Макс» сиропининг 2022 йилда республикага олиб кирилган 11 та сериясидан барчасига «Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази» МЧЖ сертификат берган.

«Док-1 Макс»га 2022 йилдан аввалги сертификат 2018 йилда расмийлаштирилган; яъни расмий реестрга қаралса, орада 4 йил бу дорининг янги серияси олиб кирилмаган. 2022 йилда эса 5 сентябрдан 13 декабргача бўлган оралиқда препаратнинг 11 та сериясига сертификат берилган. Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 15 декабрдаги хатида «Док-1 Макс» билан боғлиқ фожиавий ҳолатлар «охирги 2 ойда» рўй бераётгани қайд этилганди.

Quramax Medical’га тегишли «Амбронол», «Синепар», «Синепар ибу кид» каби қатор дориларни ҳам шу марказ сертификатлаган. Марказ директори — Мирзаботир Ҳамдамов. МЧЖнинг 51 фоиз улуши Фармагентлик ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказига, 49 фоизи эса Фармацевтика институтига тегишли.

Давлат хавфсизлик хизмати «Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази»нинг икки мансабдорини ҳибсга олган. Улар «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дориларини сертификатлаш мақсадида текширувдан ўтказишда амалдаги тартибларни қўпол равишда бузганликда гумонланяпти. Натижада бу препаратларнинг сифатсиз партияси сотувга чиқиб кетган. ДХХ, шунингдек, Quramax’нинг икки мансабдорини ҳам қамоққа олган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: