12:59 | 11.01.22

                       

«Элбоши шарофати билан мамлакатда бадавлат кишилар қатлами пайдо бўлди» — Тўқаев

Қозоғистон президенти аҳолининг бой қатламига алоқадор топшириқ берди

Қозоғистон республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 11 январь куни парламент мажлисида мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шарофати билан бадавлат кишилар қатлами пайдо бўлганини қайд этиб, аҳолининг бой қатламига алоқадор топшириқ берди. Бу ҳақда «Kazinform» хабар берди.

Фото: «Akorda.kz»

Маълум қилинишича, Тўқаев мамлакатда даромадли компаниялар гуруҳи, халқаро стандартларга кўра бадавлат кишилар қатлами шаклланганини қайд этган. Шу билан бирга, у «Казақстан халқына» (Қозоғистон халқига) жамоат ижтимоий жамғармасини ташкил этиш бўйича кўрсатма бериб, халқаро хайрия ташкилотларидан кўмак жалб этиш режалаштирилаётганини тушунтирган.

Таъкдиланишича, йирик компаниялар ва қозоғистонлик бой аҳоли қатлами янги ижтимоий фондга хайрия қилишга мажбур бўлади.

«Албатта, биз йирик тадбиркорлик субъектларидан жамғармага сезиларли ва мунтазам бадаллар туширишини кутиб қоламиз. Биринчи президент Элбоши туфайли мамлакатда жуда катта даромадли компаниялар гуруҳи ва ҳатто халқаро стандартларга кўра бадавлат одамлар қатлами пайдо бўлди. Қозоғистон халқига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларга тизимли ва мунтазам ёрдам бериш вақти келди, деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳукумат компаниялар қаторини аниқлаши ва улар билан фондга йиллик бадаллар миқдорини келишиб олиши керак бўлади», — деган у.

«Ушбу жамғармадан ҳалок бўлган милиция ходимлари ва ҳарбий хизматчиларнинг оиласини қўллаб-қувватлаймиз, бу бир нечта мисоллар, ҳолос. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтаманки, бу президент, ҳукумат ёки бирон бир давлат идорасининг жамғармаси эмас. Бу барча қозоғистонликларнинг жамғармаси, миллий жамғарма», — деган Тўқаев.

Унинг қайд этишича, жамғарма маъмурият ёки ҳукумат қошида фаолият юритмайди. «Нуфузли кузатув кенгаши тузилади, ҳалол, масъулиятли раҳбар тайинланади, унинг фаолияти тўлиқ шаффофлигини, жамиятнинг ҳисобдорлиги ва назоратини таъминлаймиз. Режалар, бюджетлар сайтда эълон қилинади. Барча маълумотлар очиқ бўлади. Жамғарма хусусий ва давлат манбаси ҳисобидан молиялаштирилади. Халқаро хайрия ташкилотлари ёрдамини жалб қилиш режалаштирилган», — дейди давлат раҳбари.

Аввалроқ Назарбоевнинг оммага кўриниш бермаётгани сабаби маълум бўлганди. Шунингдек, Нурсултон Назарбоевнинг қаерда экани айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: