22:37 | 18.09.23

                       

Энергетика вазирлиги тизим нима учун зарар билан ишлаётганини очиқлади

Айни пайтда аҳолининг энергетик эҳтиёжини қондириш учун давлат томонидан йилига камида 1,15 млрд доллар субсидия ажратилади.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тизим нима учун зарар билан ишлаётганини очиқлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, энергетика тизимининг давлат томонидан субсидияланиб келиши унинг камомадига олиб келмоқда. Нарх шаклланишининг бозор механизмлари йўқлиги сабабли давлат энергетика соҳасини субсидиялашга мажбур бўляпти. 1 киловатт/соат электр энергиясининг таннархи ҳозирда 970 сўм. Демак, бир ойда ўртача 200 киловатт/соат электр энергияси истеъмол қилинганда ҳам, давлат амалда ҳар битта истеъмолчи учун 135 минг сўмдан субсидия бермоқда. Мамлакатдаги истеъмолчилар сони эса 7,4 миллион хонадонни ташкил этади.

Худди шундай, 1 кубометр газ таннархи 1890 сўм бўлса, иситиш мавсумида 750 кубометр газ ёқадиган битта оила ўртача 1 миллион 132 минг сўм субсидия олмоқда. Айни пайтда мамлакатдаги газ истеъмолчиларининг жами сони 4,1 миллион хонадонни ташкил қилади. Бу дегани бугун аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ субсидиялар ажратилмоқда.

Бу бир йилда ўртача 1,15 миллиард АҚШ доллари аҳолининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланяпти, деганидир. Вазирликка кўра, соҳанинг зарар билан ишлаётгани ҳисобига уни давлат бюджетидан субсидиялаш камомадга олиб келмоқда. Бу эса ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтиришга имкон бермаяпти. Бунинг натижасида эса аслида тизимни янгилашга йўналтириш мумкин бўлган маблағлар фақатгина пайдо бўлган тафовутни қоплашга сарфланмоқда.

Энергетика вазирлиги эса бунга ечим сифатида нархларни тўлиқ субсидиялаш ўрнига соҳага бозор тамойилларини жорий этиш, истеъмол қилинган энергия учун бозор талабларидан келиб чиқиб ҳақ тўланиши муҳимлигини маълум қилди.

Таъкидланишича, агар соҳада бозор қонунлари жорий қилинса, кейинчалик бу маблағлар тежалади. Натижада тежалган маблағни ижтимоий соҳани ривожлантиришга, янги мактаблар, тиббиёт муассасаларини қуришга, ҳар бир соҳада ишлаб чиқаришни тараққий эттириш учун замонавий технологияларни олиб киришга, қолаверса, энергетика тизимини чуқур модернизация қилишга ҳам сарфлаш мумкин.

Бундан ташқари, яшаш учун зарур бўлган бошқа товарлар сингари энергия борасида ҳам бозор қоидалари билан яшаш истеъмолчилик маданиятини, ортиқча исроф қилмасликни, харажатларни мустақил назорат этиш ва оқилона тақсимлаш каби ҳаётий кўникмаларни шакллантириш ҳамда ривожлантиришга ҳам туртки бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги нима учун электр таъминотида тез-тез узилишлар кузатилишини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: