16:45 | 30.05.24

                       

Ерни кучли магнит бўронлари қоплайди

Ерни кучли магнит бўронлари қоплайди. Олимлар аҳолини огоҳлантирди ва қандай ҳимояланишни ўргатди.

Қуёшда кучли чақнаш содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг Ерни 31 май ва 1 июнь кунлари кучли магнит бўронлари қоплайди. Meteoagent ўз прогнозини эълон қилди.

Мазкур кунларда К-индексида 6 балли магнит бўрони кузатилиши кутилмоқда. К-индекс геомагнит фаолликни ва бўронларни тавсифловчи кўрсаткичдир. У қанчалик баланд бўлса, магнит бўрони шунчалик кучли бўлади. К-индекси 0 дан 9 баллгача ифодаланади: 0 сокин, 1 кучсиз, 2 ва 3 кичик, 4 ва 5 ўртача, 6 ва 7 кучли, 8 ва 9 экстремал магнит бўронидан далолат беради.

Таъкидланишича, бундай кунларда ҳатто соғлом одамлар саломатлигида ҳам ўзгаришлар кузатилади. Магнит бўрони салбий таъсирининг энг кенг тарқалган кўринишлари қуйидагилар ҳисобланади:

  • бош айланиши ва бош оғриғи;
  • уйқу бузилиши;
  • диққатни жамлаш билан боғлиқ муаммолар;
  • қон босимнинг бузилиши;
  • сурункали касалликларнинг кучайиши;
  • оғриқлар, шунингдек, бўғимлардаги оғриқ;
  • иштаҳа бузилиши ва кўнгил айниши;
  • ҳолсизлик.

Бундай кунларда организмга ёрдам бўлиши учун кунига камида 7-8 соат ухлаш маслаҳат берилган. Рациондан ёғли ва аччиқ овқатларни олиб ташлаб, қаҳва миқдорини камайтириб, кўпроқ ўсимликлардан тайёрланган чой ва сув истеъмол қилиш керак. Шунингдек, контрастли душ, эрталабки машқлар, тоза ҳавода юриш, югуриш магнит бўрони фонида саломатликни яхшилашга ҳисса қўшади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: