7:59 | 08.02.24

                       

Ерусти метросининг иккита бекати қачон очилиши маълум бўлди

Транспорт вазирининг буйруғига асосан 2023 йилнинг 15 декабрь кунидан ерусти ҳалқа метро линиясининг Қурувчилар–Қипчоқ участкасида бекатларида поездлар қатнови синов тариқасида бошланган. Транспорт вазирлиги синов жараёнларини ўтказиш бўйича тасдиқланган меъёрий техник талаблар асосида амалга оширилаётганини маълум қилди.

Тошкент метрополитенининг «Турон» ва «Қипчоқ» бекатлари 15 мартдан кейин фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, транспорт вазирининг «Тошкент шаҳри ер усти ҳалқа метро линиясининг Қурувчилар–Қипчоқ участкасида поездлар қатновини синов тариқасида бошлаш тўғрисида»ги буйруғига асосан 2023 йилнинг 15 декабрь кунидан ушбу участкада поездлар қатнови синов тариқасида бошланди.

Бугунги кунда ер усти метро линияларини қуриш, фойдаланишга топшириш, топшириш олди синов жараёнларини ўтказиш ўрганилган хориж тажрибаси натижаларидан келиб чиқиб, шунингдек, синов жараёнларини ўтказиш бўйича тасдиқланган меъёрий техник талаблар асосида амалга оширилмоқда.

Мазкур синов жараёнлари жорий йилнинг 15 март кунига қадар ўтказилиши (давом эттирилиши) режалаштирилган. Синов жараёнлари якунлангач, ер усти метро линиясининг «Турон» ва «Қипчоқ» бекатларини ўз ичига олган участкаси фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, «Халқлар дўстлиги» метро бекатининг иккинчи вестибюли 10 февралдан 20 мартга қадар ёпилмоқда. Метрополитен фаолиятини такомиллаштириш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида, ер ости метро бекатларида ўрнатилган эскалаторларнинг ўз хизмат муддатини ўтаб бўлганларини босқичма-босқич равишда янгиларига алмаштириш режалаштирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: