21:40 | 30.11.23

                       

EVOS 32,5 млрд, KFC 52,6 млрд солиқ тўлаган — инфографика

Умумий овқатланиш шохобчалари тўлаган солиқлар 750 млрд сўмдан ошди.

Солиқ қўмитаси эълон қилган статистик маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январ-октябр ойларида умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланувчи жами 20 минг 543 та юридик шахс томонидан давлатга 751,6 миллиард сўм солиқ тўланган.

Тўланган солиқларнинг 18,9 фоизи, яъни 141,8 миллиард сўм солиқ тўловчи дастлабки 20 талик корхоналар ҳиссасига тўғри келган. Умумий товар айланмаси 1,6 триллион сўмдан ошган, қўллаган солиқ имтиёзлари миқдори эса 21,2 миллиард сўмни ташкил этган.

Инфографика: Солиқ қўмитаси

Умумий овқатланиш шохобчалари ичида энг кўп солиқ тўлаган KFC нинг товар айланмаси 475,5 миллиард сўмни, тўланган солиқлари эса 52,6 миллиард сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, 6,7 миллиард сўм миқдорида солиқ имтиёзлари қўлланилган.

Ундан кейин кучли учликни EVOS ҳамда Euro Asia Lider Service корхоналари эгаллади. Ўн ойда EVOS’нинг товар айланмаси 489,1 миллиард сўмни ташкил қилиб, 32,5 миллиард сўм солиқ тўланган. Имтиёзлар эса 7,6 миллиард сўм бўлган.

Шунингдек, Euro Asia Lider Service корхонасининг товар айланмаси 196,8 миллиард сўмни, тўланган солиқлар эса 13,6 миллиард сўмни ташкил этган ҳолда, 3,1 миллиард сўм солиқ имтиёзлари қўлланилган.

Умумий овқатланиш корхоналаридан Мах Way’нинг товар айланмаси эса 57,4 миллиард сўмни, тўланган солиқлари эса 2,5 миллиард сўмни ташкил этган. Солиқ имтиёзлари эса 0,1 миллиард сўмга тенг бўлган.

Топ-20 таликнинг энг сўнггини эса Sirovarniya Super Food банд қилиб, унинг товар айланмаси 33,5 миллиард сўм, тўланган солиқлари эса 1,7 миллиард сўмни ташкил қилган. Корхонанинг солиқ имтиёзлари эса нол кўрсаткичга тенг бўлган.

Аввалроқ, KFC’нинг Ўзбекистондаги ресторанлари «доставка» хизматини тўхтатиб қўйганди.