23:15 | 01.10.22

                       

Еврокомиссия россияликларга берилган визаларни яхшилаб текширишни маслаҳат берди

Таъкидланишича, визанинг борлиги Россия фуқаросига Шенген зонасига кириш учун кафолат бўлмайди

Европа Иттифоқи мамлакатлари Шенген визасига эга бўлган россияликлар хавфсизликка таҳдид солиш-солмаслигини текшириши мантиқан тўғри. Бу ҳақда Еврокомиссия томонидан эълон қилинган тавсияларга таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

«Европа Иттифоқи давлатлари ҳозиргача Россия фуқароларига берилган визаларни яхшилаб текшириб чиқиши лозим. Бу ишни янги визалар учун сўровлар ҳам борлигини баҳолаган ҳолда мавжуд тамойилларга асосланиб амалга ошириш керак», дейилади ҳужжатда.

Еврокомиссия «Россиянинг у ёки бу фуқароси маълумотларини ҳозирги геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, диққат билан ўрганишни маслаҳат беради. Бу виза эгаси потенциал хавф туғдирувчи деб топилишига олиб келиши мумкин». Бу каби ҳолатлада ҳужжат муаллифларига кўра, берилган визани бекор қилиш керак бўлади. Шу билан бирга, мазкур визани берган давлат қабул қилинган қарор бўйича огоҳлантириб қўйилиши лозим.

Бундай қарорларни визани бераётган давлат қабул қилиши керак. Бироқ айрим ҳолатларда буни Шенген зонасига кирувчи айрим давлатлар ҳам амалга ошириши мумкин. «Визаси бекор қилинган фуқаролар қарор устидан шикоят киритиш ҳуқуқига эга», дея таъкидланади ҳужжатда.

Шу билан бирга, қайд этилишича, Шенген визасининг борлиги Россия фуқароси Шенген зонасидаги давлатлар ҳудудига кира олишига кафолат бўлмайди.

«Шенген визасининг борлиги автоматик равишда Шенген зонасига кириш ҳуқуқини бермайди», — дея тушунтиради Еврокомиссия. Шенген битимига кўра, давлатлар чегарада визани қўлга киритган шахс барча талабларга жавоб бериш-бермаслигини яна текширишга ҳақли.

Эстония, Литва, Латвия ва Польша 19 сентябрь куни россиялик туристлар учун чегараларини ёпганди. Финляндия ҳам яқин кунларда россиялик туристларнинг Шенген визаси бўйича мамлакат ҳудудига киришини тақиқлаши маълум бўлганди. Шунингдек, Норвегия ҳукумати ҳам Россия билан чегарадаги вазиятни назорат қилиш чораларини кучайтирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: