22:23 | 03.12.23

                       

Фарғонадаги махсус тадбирларда 22 нафар «гуруҳ аъзолари» қўлга олинди

Фарғона вилоятида криминоген мавқега эга 250 га яқин шахснинг яшаш ва бошқа манзилларида қидирув амалга оширилган. Шунингдек, қўлга олинганлар орасида ММА жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов ҳам бор.

Фарғона вилоятида криминоген муҳитда мавқега эга бўлган 248 нафар шахснинг яшаш ва бошқа манзилларида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган. Шунингдек, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ҳуқуқбузарликларини аниқлаш бўйича 106 марта фаол тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиб, 66 та жиноятлар аниқланди деб хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Мазкур тадбирлар давомида, 4 кг 749 грамм гиёҳвандлик воситалари, 78 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар, 41 та қурол, ўқ дорилар ва совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёлар, 45 дона турли хил компютер, телефон ҳамда диний адабиётлар олинган.

Жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яширинган 37 нафар қидирувдаги шахслар ушланган. Бундан ташқари, ўтказилган махсус тадбирлар давомида гуруҳбозлик қилган 22 нафар шахслар безорилик устида ушланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган.

Бошқарма қайд этишича, жорий йилнинг 22 ноябр куни Олтиариқ туманида гуруҳбозликка интилувчи икки гуруҳ вакиллари А.Рустамов ва Т.Мирзарахимов ўртасида жанжал келиб чиққан. Ўтказилган тезкор ишлар давомида 15 нафар гуруҳбозлар ва уларнинг издошлари қўлга олиниб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Жорий йилнинг 27 ноябр куни эса, спортнинг жанговар тури билан шуғулланган Х.Тўҳтамуродов гуруҳбозликка интилиб, атрофига турли хил тезкор вазиятга салбий таъсир қилувчи шахсларни йиғиб, Қўқон шаҳрида икки нафар шахсларга тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган вақтда, тезкор ходимлар томонидан ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Шунингдек, Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, уюшган гуруҳга раҳбарлик қилиб, фуқароларни товламачилик ва мулкларни бошқа йўллар билан талон-торож қилган А.Мамиров жиноят устида қўлга олиниб, тергов органларига топширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда «Бахти Ташкентский» товламачилик қилиш ва кўп миқдорда гиёҳвандлик моддаларини сақлашда айбланиб қўлга олингани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: