17:20 | 23.08.23

                       

Хитойнинг 40 йиллик иқтисодий ўсиши якунига етди. Бу мамлакат иқтисодий модели ўзини оқламаганини англатадими?

Хитой иқтисодиёти қарзга ботиб ишлашда давом этмоқда. Маълумотларга кўра, турли даражадаги ҳукумат ва давлат компанияларининг қарзи 2022 йил ҳолатига кўра, Хитой ялпи ички маҳсулотининг қарийб 300 фоизигача етган.

Тhe Wall Street Journal (WSJ) иқтисодий кузатувчиларининг қайд қилишича, Хитойнинг қарийб 40 йил давом этган ва мамлакатни дунёнинг энг йирик иқтисодларидан бирига айлантирган иқтисодий ўсиши якунига етган.

Қурилиши тўхтаб қолган Гуанжоу провинциясидаги шоссе, Хитой.
Фото: QILAI SHEN/ Bloomberg

Қайд этилишича, ўнлаб йиллар давомида иқтисодиётнинг тикланиши Хитой расмийларига заводлар, осмонўпар бинолар ва йўллар қурилишига сармоя киритиш имконини берган. Ушбу модел Хитойни қашшоқликдан чиқариб, экспорт қобилиятини бутун дунёга ёйган «глобал гигантга» айланишига имкон берган фавқулодда ўсиш даврини келтириб чиқарди.

Бироқ, таҳлилчиларга кўра, бугунги кунга келиб ушбу иқтисодий модел ўзини оқламаган. Улар Пекинда мавжуд инфратузилмани кенгайтириш имкониятлари тугаб бораётганини, Хитойнинг айрим қисмларида кўприклар ва аэропортлардан тўлиқ фойдаланилмагани, миллионлаб хонадонлар бўм-бўш қолгани, инвестиция даромади кескин пасайганини таъкидламоқда.

Муаммо белгилари нафақат мамлакатнинг иқтисодий маълумотлари, балки чекка вилоятларда, шу жумладан жануби-ғарбий Юннанда ҳам кўринади. Хитой бир неча ой олдин Covid Zero сиёсатини тугатганига қарамай, ҳукумат деярли учта футбол майдонига тенг бўлган янги Covid-19 карантин объектини қуриш учун миллионлаб доллар сарфлашини маълум қилганди, деб ёзади нашр.

Кераксиз сарф-харажатлардан ташқари, Хитой иқтисодиёти ноқулай демографик вазият ва АҚШ ҳамда унинг иттифоқчилари билан кенгайиб бораётган тафовутга дуч келмоқда. Бу эса мамлакатга хорижий сармоя киритишга ҳам таҳдид солмоқда.

Бу нафақат иқтисодий заифлик даври, балки узоқ даврнинг охири бўлиши мумкин, — деб таъкидлайди WSJ муаллифлари.

Журнал Халқаро Валюта Жамғармасининг маълумотларига асосланиб, Хитойнинг яқин йиллардаги ЯИМ ўсиши 4 фоиздан паст бўлишини тахмин қилмоқда. Бу эса сўнгги 40 йилликдаги суръатининг ярмидан камини ташкил қилади.

Лондонда жойлашган Саpital Economics Хитойда ўсиш тенденцияси 2019 йилдаги 5 фоиздан 3 фоизга пасайгани, 2030 йилда тахминан 2 фоизга тушади деб ҳисоблаган. Бу суръатда эса Хитой Си Цзинпиннинг 2020 йилдаги 2035 йилгача иқтисодиёт ҳажмини икки баравар ошириш режасини бажара олмайди. Бу Хитойнинг ўрта даромадли ривожланаётган бозордан чиқишини қийинлаштиради ва мамлакат ҳеч қачон дунёнинг энг йирик иқтисодиёти, Пекиннинг узоқ йиллик амбицияси сифатида АҚШни ортда қолдира олмаслигини англатади.

Журналга интервью берган баъзи иқтисодчиларнинг фикрича, Хитойда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши Япония 1990 йиллардан бери бошдан кечираётган турғунликка ўхшаш узоқ давом этадиган ҳолатга айланиши мумкин. Ўшанда уй-жой пуфагининг портлаши маммлакатни кўп йиллик дефляцияга олиб келган. Ҳудди шу вазият Хитой кўчмас мулк бозорида ҳам содир бўлиб, мамлакатда ипотека кризиси кузатилиши мумкин.

Хитойнинг Жануби-ғарбий молия ва иқтисодиёт университети тадқиқотига кўра, 2018 йилда Хитой шаҳарларидаги ҳар бешта хонадондан бири ёки камида 130 миллион хонадон бўш қолганди. Талабнинг пасайиши ва инфляциянинг ўсиши сабаб мамлакатдаги кўплаб ишлаб чиқарувчилар банкротлик ёқасида эканлиги қайд этилганди.

Хитой иқтисодий муаммоларининг энг аниқ ечими истеъмол харажатлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ўтиш бўлади. Бу эса АҚШ ва Ғарбий Европага ўхшаш янада мувозанатли иқтисодиётни яратишга ёрдам беради. Жаҳон банки маълумотларига кўра, уй хўжаликлари истеъмоли Хитойда ЯИМнинг атиги 38 фоизини ташкил қилади. Натижа АҚШдаги 68 фоизга нисбатан нисбатан паст.

Қайд этилишича, Хитой иқтисодиёти қарзга ботиб ишлашда давом этмоқда. Халқаро банк маълумотларига кўра, жами қарз турли даражадаги ҳукумат ва давлат компанияларининг қарзи 2022 йил ҳолатига Хитой ялпи ички маҳсулотининг қарийб 300 фоизигача етиб, АҚШда қайд этилган даражадан ҳам ошиб кетган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: