8:31 | 25.02.24

                       

Хива ва Деҳқонобод туманларига ҳокимлар тайинланди

Ёшлар ишлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Сардор Палванов Хива тумани, Кўкдала тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Шерзод Шокиров Деҳқонободга ҳоким бўлди.

Хоразм вилояти Хива туманига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Сардор Палванов

Унга кўра, 24 февраль куни халқ депутатлари Хива тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда ташкилий масала кўрилди.

Вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов сессия қатнашчиларига туман ҳокими лавозимига Ёшлар ишлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Сардор Палвановни таништирди.

Музокараларда сўзга чиққанлар номзодни қўллаб-қувватлаган. Сессияда вилоят ҳокимининг Сардор Палвановни Хива тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарори депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланди.

Шунингдек, 24 февраль куни Деҳқонобод туманига янги ҳоким тайинланди. Шерзод Шокиров Қашқадарёдаги тумани ҳокими лавозимига тайинланган. Тайинловга қадар у Кўкдала тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.

Шерзод Шокиров

Эслатиб ўтамиз, Деҳқонобод тумани ҳокими Акром Сулаймонов 24 февраль куни лавозимидан озод қилинганди. Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда Акром Сулаймонов туман ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимидан озод этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: