10:36 | 25.01.24

                       

Хоразмда цемент солинган қоплар ичидан қарийб 10 кг наркотик моддаси топилди

Ургут туманида яшовчи 52 ёшли шахс юк автомашинасини буюртма қилиб, цемент маҳсулотлари ниқоби остида «опий»ни Хоразм вилоятига сотиш учун олиб келган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Божхона органлари ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳридан Урганч шаҳрига цемент маҳсулотлари олиб келган юк автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Автомашинада цемент маҳсулотлари солинган қоплар ичига яшириб қўйилган 10 дона ўрамда 9 кг 754 гр «опий» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Маълум бўлишича, Ургут туманида яшовчи, муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун 3 маротаба судланган 52 ёшли шахс юк автомашинасини буюртма қилиб, цемент маҳсулотлари ниқоби остида, ушбу ажал оғусини Хоразм вилоятига сотиш учун олиб келган.

Ушбу наркотик моддалар Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилган. Ҳозирда ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда умумий оғирлиги 89 кг 699 гр бўлган Тожикистондан олиб келинган наркотик моддалар контрабандасига чек қўйилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: