22:47 | 11.11.23

                       

«Исроил ва АҚШни зудлик билан суд қилиш лозим» — Иброҳим Раисий

Эрон президенти бу бўйича халқаро судни огоҳликка чақирган.

Хориж манбаларининг келтиришича, Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий Араб Лигасининг Ар-Риёддаги саммитида халқаро судни Ғазо секторини ўққа тутган Исроил ва Америка етакчиларини жазолашга чақирган.

Фото: Reuters

«Сионист ва америкалик жиноятчи етакчиларни таъқиб қилиш ва жазолаш учун халқаро суд ташкил этиш зарур» деган Раисий.

Шунингдек, Иброҳим Раисий Ғазони қўллаб-қувватлаш учун ўнта таклиф билан чиққан. Халқаро суддан ташқари, у Ғазо секторини реконструкция қилиш учун махсус жамғарма тузиш зарурлигини таъкидлаган.

Унинг қўшимча қилишича, сектордаги маҳаллий аҳолини «ўлдиришни тўхтатиш», «Исроил армиясини у ердан зудлик билан олиб чиқиб кетиш» ва «барча сиёсий ва иқтисодий чекловларни олиб ташлаш» лозим.

Маълумот учун, Эрон ташқи ишлар вазирлиги шу йилнинг 6 ноябр куни БМТ ва МАГАТЭни Исроилни ядросизлантириш чораларини кўришга чақирганди. Бу баёнот Исроилнинг Қуддус ишлари бўйича вазири Амикай Элияхунинг Ғазо секторида ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақидаги сўзларига жавоб бўлганди. Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху эса Элияхунинг сўзларини ҳақиқатдан йироқ деб атаганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон мудофаа вазири АҚШга «жиддий зарба» билан таҳдид қилганди. Шунингдек, Эрон президенти Ўзбекистонга келиб, Президент Мирзиёев билан учрашганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: