14:15 | 15.11.23
У аввал ҳам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган.
«Кўмир таъминоти»нинг Тошкент вилояти филиали бошлиғи пора олаётган вақтда ушланган.
У муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган ва мазкур корхонанинг ҳозирги кунда вакант ҳисобланган Сирдарё вилоят филиалига раҳбар сифатида ишга қабул қилинишида кўмаклашиш эвазига фуқародан 50 минг доллар талаб қилган.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан департаментнинг вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда мазкур раҳбар сўралган пулни олаётган вақтида ушланган.
ДХХ томонидан ўтказилган яна бир тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи икки нафар шахс фирибгарлик йўли билан қурилиш ишлари билан шуғулланувчи тадбиркордан 20 минг АҚШ долларини олган вақтда, ашёвий далиллар билан ушланган.
Маълум бўлишича, улар Самарқанд вилоятида жойлашган қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникаларни таъмирлаш учун ҳукумат қарорлари асосида бюджет маблағлари ажратилишини айтиб, ўзларининг юқорида ишловчи танишлари орқали 34 миллиард сўмлик пудрат шартномасини тадбиркорга тегишли МЧЖга ўтказиб беришни ваъда қилишган.
Кейинчалик эса мазкур шартномадан саккиз фоизини улуш сифатида беришини талаб қилишган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, иккита вилоятда прокуратура ходимлари пора билан ушлангани хабар қилинганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: