11:46 | 18.11.23

                       

Мадҳияни қайси ҳолатларда ижро этиш шарт қилиб белгиланган?

Ўзбекистон Мадҳияси тарихи, матни ҳамда қачон қабул қилинганлиги ҳақида билиб олинг

Барчанинг ёдида бўлса керак, Давлат Мадҳиясини илк бор эшитганимиздаги ҳиссиёт. Олдинига қандай мусиқа эканлигини тушунолмай, барчанинг қўли кўксида эканига ҳайрон бўлиб қарамаган инсон бўлмаса керак. Кейинроқ, бу мусиқа давлат мадҳияси, ватан ва миллат рамзи эканини тушунганмиз.

Суратда Ўзбекистон Мадҳиясини ижро этаётган ёшлар тасвирланган.
Фото: mbaza.uz

Bugun.uz ўз муштарийлари учун Ўзбекистон мадҳияси ҳақида маълумот, фактлар, фото ҳамда видеоларни бир ерга жамлади.

Ўзбекистон Мадҳияси қачон қабул қилинган?

Мадҳия 1992 йилнинг 10 декабр санасида қабул қилинган. Шу куни Республика Юқори Кенгаши 11- чақириқда тақдим этилган Мадҳия вариантини тасдиқлашини ҳам маълум қилган.

Ўзбекистон Республикаси рамзлари байроқ, герб ва мадҳия ҳисобланади.

Мадҳияни ким ёзган?

Давлат Мадҳияси ўзбек халқининг забардаст шоири Абдулла Орипов томонидан ёзилган. Аввалига Мадҳия матни юзасидан шоирлар ва кўнгиллилар ўртасида танлов ўтказилган, сўнгра, тақдим этилган ишлар ичидан учтаси танлаб олиниб, мутассаддиларга юборилган. Натижада, Абдулла Орипов қаламига мансуб мадҳия матни Юқори Кенгаш томонидан маъқулланган.

Ўзбекистон Мадҳиясини бастакор Мутал Бурҳонов басталаган.

Мадҳия қачон ижро этилади?

«Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида»ги қунунга кўра, Мадҳия қуйидаги ҳолатларда ижро этилиши шартдир:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришганидан — қасамёд қабул қилганидан кейин;
  2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисларининг очилиш ва ёпилишида.

Шунингдек, Мадҳия таълим муассасаларида ўтказиладиган кўплаб тадбирларда ҳамда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган маросимларда ҳам ижро этилади. Жаҳон миқёсидаги турнирларда ғалаба қўзонган спортчиларимиз шарафига янграган Давлат Мадиҳияси шулар жумласига киради.

Мадҳия матни

Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!

Яшнагай то абад илму фан, ижод,

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

Нақорат:

Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,

Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!

Истиқлол машъали, тинчлик посбони,

Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!

Нақорат:

Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: