13:17 | 12.12.24
Асосий ставка 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолинди. Бу қарор инфляция босимлари ва юқори талаб шароитида қабул қилинди.
2024 йил 12 декабр куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати маълум қилди. Қарор инфляция босимларининг пасаймаслиги ва иқтисодиётдаги юқори талаб билан изоҳланди.
Марказий банк иқтисодиётда иш ҳақлари ўсиши, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши ва чакана савдо фаоллиги ялпи талабни қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади. Бу жараён инфляцион босимларни узоқроқ муддат сақланиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Регулятор асосий ставкани ўзгаришсиз сақлаш орқали 2025 йилда инфляция даражасини 5 фоизгача пасайтириш мақсадини кўзлаган. Шунингдек, талаб ва таклиф мувозанатини таъминлашга қаратилган чоралар давом эттирилади.
Марказий банк бошқаруви асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилишни 2025 йил 23 январда ўтказади.