Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 1 декабрь ҳолатига кўра 41,47 миллиард долларни ташкил қилди. Бу кўрсаткич ноябрь ойида 1,67 миллиард долларга (-3,9%) камайди, деб хабар бермоқда Марказий банк.
Нега пасайди?
- Хорижий валюта захиралари: 1,04 миллиард долларга камайиб, 8,18 миллиард долларни ташкил қилди.
- Олтин захиралари: Қиймати 623 миллион долларга камайиб, 32,7 миллиард долларга тушди. Олтиннинг физик ҳажми ўзгаришсиз қолган бўлса-да (12,3 миллион унция ёки 382,3 тонна), ноябрь ойида унинг нархи 2,6% га тушгани асосий сабаб бўлди.
Тренд ўзгариши
Июлдан октябргача захиралар кетма-кет ўсганди:
- Июлда: +1,06 миллиард доллар.
- Августда: +1,75 миллиард доллар.
- Сентябрда: +1,98 миллиард доллар.
- Октябрда: +2 миллиард доллар.
Бироқ, ноябрь ойидаги пасайиш захиралардаги олтин нархининг халқаро бозорда тушиши билан изоҳланади. Нархлар бир троя унцияси учун 2721 доллардан 2651 долларгача тушган.