17:21 | 13.12.23

                       

«Масала илмий асосланган, лекин қўлланиши кечикмоқда» — профессор Равшан Жомонов алифбога киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида

Ўзбекистонда лотин ёзувининг жорий қилинганига роппа-роса 30 йил бўлди. Бу орада алифбога бироз тузатиш киритилди, бир авлод лотин ёзувида савод чиқарди. Лекин... муаммо тугамади.

Ўзбекистонда лотин ёзувининг жорий қилинганига роппа-роса 30 йил бўлди. Бу орада алифбога бироз тузатиш киритилди, бир авлод лотин ёзувида савод чиқарди. Лекин… муаммо тугамади. Бу ҳақда Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, филология фанлари номзоди Равшан Жомонов алифбога киртиллаётган ўзгартиришлар ҳақида ёзган мақоласида айтиб ўтган.

Ўзбек лотин алифбосидаги техник камчиликлар рўйи рост бўй кўрсата бошлади: o‘, g‘ ҳарфларидаги диакритик белги, sh ва ch ҳарфларини ифодалашда қўшалоқ ҳарфларнинг ишлатилиши ёзув амалиётида қатор қийинчиликларни келтириб чиқарди. Мана шу заруратни тўғри англаган ҳолда тилшунос олимлар, амалиётчи ўқитувчилар, газета ва журнал ходимлари, ўзбек имлосига бефарқ бўлмаган барча зиёлилар бу борада ўз фикрини билдириб турди. Ва ниҳоят мазкур муаммога ечим ҳам топилди: юқорида зикр қилинган ҳарфлар ўзгарадиган бўлди ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилган охирги йиғилишда якуний қарор қабул қилинди.

Бироқ орадан анча вақт ўтганига қарамай ушбу муаммо қонуний ечим топмади – Қонунчилик Палатасида бирор марта кўриб чиқилмади. Эҳтимол, бунинг биз билмаган ўзига хос сабаблари бордир. Лекин кундалик ёзув амалиёти алифбодаги ўзгаришларни тезда ҳал қилиш, шу асосда дарслик ва ўқув қўлланмаларни, ўқув-илмий матнларни, имло ва терминологик луғатларни, бадиий адабиётларни нашр этишни тақозо қилади. Шу сабабли ҳам алифбо масаласи тезда ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилиниши лозим.

«Халқимизда ‘Қолган ишга қор ёғар’ деган мақол бор. Демоқчиманки, умуммиллат манфаатига дахлдор мазкур ишни орқага суриш мумкин эмас. Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунига ўзгартишлар киритиш, мутахассис олимлар томонидан илмий асосланган, кенг жамоатчилик томонидан маъқулланган алифбони ёзув амалиётига тезда жорий этиш ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади», – деган профессор.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: