10:40 | 06.08.21

                       

«Миллий тикланиш» партияси президентлик сайловидаги номзодини эълон қилди

Партиянинг сайловда иштирок этиши тўғрисида қарори қабул қилинди

Тошкент шаҳрида 6 август, жума куни «Милллий тикланиш» партиясининг навбатдаги пленуми ўтказилди. Унда партия президентлик сайлови учун ўз номзодини эълон қилди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, сайловда «Миллий тикланиш» партияси томонидан партия Марказий кенгаши раиси Aлишер Қодиров номзод сифатида қатнашади. Партия сиёсий кенгашининг пленумида сайловда иштирок этиши тўғрисида қарори қабул қилинди.

«Муҳим сиёсий тадбир арафасида турибмиз. Пировард мақсад Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш, халқимиз фаровонлигини оширишдир», – деди партия етакчиси.

Маълумот учун, 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайлови учун бунга қадар 5 та партиядан 2 таси ўз номзодини маълум қилди. Хусусан, Экологик партия томонидан партия Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов номзод сифатида қатнашса, «Адолат» социал демократик партиясидан эса кенгаш раиси Баҳром Абдуҳалимов иштирок этади.

Шунингдек, яқин кунларда Халқ демократик партияси ҳамда Либерал-демокартик партияси номзодларини эълон қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент сайлови учун танланган расмий логотипга тузатиш киритилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: