10:19 | 02.12.23
Давлат раҳбари БМТнинг Бутунжаҳон иқлим саммити доирасида Дубай шаҳрида бўлиб турибди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев 1 декабр куни Бутунжаҳон иқлим саммити доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо билан учрашув ўтказди. Учрашувда ушбу нуфузли молиявий институт билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Банкнинг Ўзбекистондаги инвестициялари 3,5 миллиард евродан ошгани, лойиҳалар портфелининг 60 фоизи хусусий секторга тўғри келаётгани алоҳида қайд этилган.
Давлат раҳбари Малайзия подшоҳи Султон Абдуллоҳ Риоятуддин Ал-Мустафо Биллоҳ Шоҳ билан ҳам учрашди. Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги муносабатларни, энг аввало, иқтисодий соҳада янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Шериклик кун тартибини аниқ амалий мазмун билан бойитиш мақсадида 2024 йилда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда қўшма бизнес форумини ўтказишга келишиб олинди.
Дубай шаҳрида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашувда эса Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
БААга амалий ташриф доирасида Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурелсух билан учрашув ташкил этилиб, 2024 йилда қўшма Ҳукуматлараро қўмита ва ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишларини ўтказишга келишилиб олинди.
Шавкат Мирзиёев Индонезия президенти Жоко Видодо билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Президент бундан ташқари, Иқлим ўзгариши бўйича саммит доирасида БМТ Бош котибининг ўринбосари, Чўлланишга қарши кураш конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиав билан учрашув ўтказди. 2024 йилда Саудия Арабистонида ўтказиладиган конференция давомида Чанг ва қум бўронлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш масаласини биргаликда илгари суриш муҳимлиги таъкидланган. Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё иқлим ўзгариши университети негизида илмий ҳамкорлик ва тадқиқотлар ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилган.
Мирзиёев Дубай шаҳрига амалий ташрифининг илк кунида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан ҳам учрашиб, унда коммуникацион технологиялар, фармацевтика, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, анъанавий тиббиёт ва йога соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш ва қўшма дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратди.
Аввалроқ, Мирзиёев БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида нутқ сўзлаб, глобал равишда кам углеродли иқтисодиётга ўтишда G7 ва G20 давлатларининг фикри инобатга олиниши шартлигини айтганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: