16:00 | 22.01.24

                       

Навоийда ота ўз қизига бир буйрагини берди

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Навоий филиалида мураккаб жарроҳлик амалиёти – буйрак трансплантацияси бажарилди.

Bugun.uz маълумотларига кўра, бемор Жўрақулова Рухшона Муродулло қизи — Қизилтепа туманидан. У кўп йиллардан бери буйрак етишмовчилигидан азият чекиб келаётган бўлган.

Сўнгги пайтларда эса унинг аҳволи янада оғирлашган. Шифохонага мурожаат қилганида мутахассислар унга сўнгги чора сифатида трансплантация амалиётини тавсия этди.

Донорлик учун отаси — Муродулло Ботировнинг  тиббий таҳлил натижалари мос келган. Ота бу танлов олдида иккиланиб ўтирмасдан фарзандига бир буйрагини беришга қарор қилган.

Операция 4 соатдан кўпроқ вақт давом этди. Уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Қизилтепа ТТБ ва вилоят филиали жарроҳлари ўзаро ҳамкорликда бажаришди.

Амалиёт муваффақиятли якунланди. Ҳозир беморнинг ҳам, донорнинг ҳам аҳволи яхши. Ҳар иккисида тегишли стандартлар асосида тиббий муолажалар давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёлик беморларда буйрак трансплантацияси ўтказилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: