12:22 | 22.01.24

                       

Навоийдаги «Зармитан» олтин кони шахтасидан 30 ёшли эркакнинг жасади топилди

Bugun.uz маълумотларига кўра, эркак шахтага олтин моддаси бўлган маъданли тошларни талон-торож қилиш мақсадида борган.

Навоий вилоятидаги «Зармитан» олтин конига қарашли ёрдамчи шахтадан 30 ёшли эркакнинг жасади топилди. Bugun.uz маълумотларига кўра, ҳолат юзасидан Навоий вилоят ИИБ Тергов бўлинмаси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.

Аниқланишича, Навоий вилояти Хатирчи тумани Бахшижар маҳалласи Қанғли қишлоғида яшовчи Н.О, 2023 йилнинг 25 декабр куни Навоий кон-металлургия комбинати акциядорлик жамияти Жанубий кон бошқармасига қарашли Зармитан кони ер ости шахтасидан, таркибида олтин моддаси бўлган маъданли тошларни талон-торож қилиш мақсадида борган.

2024 йилнинг 15 январ куни соат 19:00 ларда, шахтадан чиқиш учун арқон билан чиқаётган вақтида, арқон узилиб кетиши оқибатида Н.О. чукурлиги 10-15 метрлик пастлик томон тушиб кетган ва оғир тан жароҳати олиб вафот этган.

Ушбу ҳолат юзасидан Н.О.нинг олган тан жароҳати буйича судга оид тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Навоий вилоят ИИБ НКМК ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Зармитан» конидаги шахтага ноқонуний кирган икки ёш йигит ҳалок бўлганди. Уларнинг ёнида 2 қопда жами 94 кг оғирликдаги таркибида олтин бўлган маъдан тошлар аниқланган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: