11:49 | 01.12.23

                       

Олмаотада юз берган ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг шахси аниқланди

Ётоқхонада келиб чиққан ёнғинда 13 киши, жумладан икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди.

Кеча, 30 ноябр куни тонгда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри Ади Шарипов кўчасида жойлашган ҳостелдаги ёнғинда вафот этган ўзбекистонликларнинг ҳар иккиси 23 ёшда бўлган, деб хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.

Фото: Tengrinews.kz

Ҳалок бўлганларнинг 2 нафари, яъни 2000 йил 29 ноябрда туғилган Нусрат Абдулла ўғли Абдувоҳидов (жорий йилнинг 21 ноябр куни Қозоғистонга борган) ва 2000 йил 9 январда туғилган Сайлабай Индиматдинович Калиев (Қозоғистонга қачон боргани номаълум) Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.

Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Олмаота шаҳар ҳокимияти томонидан қурбонларнинг оилаларига 1 миллион тенге (2,1 минг доллар) миқдорида пул ажратилиши мумкинлиги билдирилди.

«Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат мамлакатимизнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси томонидан назоратга олинган ҳамда вафот этган юртдошларимизнинг жасадларини Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда», — деб маълум қилган агентлик.

Эслатиб ўтамиз, асосан талабалардан иборат 72 киши яшаган 457 кв.м. майдонга эга ҳостел ертўласи коридоридан бошланган ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: