19:54 | 01.10.23
Станция қурилиши натижасида 1 миллион 650 минг хўжалик электр энергияси билан таъминланиб, йилига 2,4 миллион тонна зарарли газларнинг атмосферага чиқиши олди олинади.
Қорақалпоғистонда Марказий Осиёдаги энг йирик – 1,5 гигаватт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш режалаштирилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қорақалпоғистонда мазкур шамол электр станцияси 1 миллион 650 минг хўжаликни электр энергияси билан таъминлайди ва йилига 2,4 миллион тонна зарарли газларнинг атмосферага чиқишининг олдини олади.
Умуман олганда эса Ўзбекистонда айни пайтда қуввати 3977 мегаваттга тенг бўлган 19 та қуёш фотоэлектр станцияси ва умумий қуввати 3100 мегаваттга тенг бўлган 7 та шамол электр станциясини ишга тушириш бўйича улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида Ўзбекистондаги илк 100 мегаватт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган. Худди шунингдек, 2022 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида иккинчи 100 мегаватт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси фаолият бошлаган.
Бундан ташқари, 2026 йилга қадар Ўзбекистон энергия ишлаб чиқаришида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилиб олинган.
Бу — йилига 3 миллиард кубометр табиий газни иқтисод қилиш, яъни тежаш деганидир. Бундай ҳажмдаги газ билан эса 1 миллион хонадонни 1 йил давомида таъминлаш мумкин. Ёки шунча ҳажмдаги газ ёрдамида қўшимча 15 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарса бўлади. Бу эса Ўзбекистондаги аҳолининг 98 фоизини йил давомида электр билан таъминлаш учун етарли.
Маълумот учун, қайта тикланувчи энергия манбалари, бу — гидроэнергетика (йирик табиий ва сунъий сув иншоотлари/тўғонлар, сув омборлари орқали сув оқими таъсирини электр энергиясига айлантириш), шамол энергияси (шамол турбиналари/парраклари ёрдамида шамол энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқариш), қуёш энергияси (қуёш панеллари воситасида ёруғликни электрга айлантириш) ва бошқалар. Нефть, табиий газ, кўмир, уран рудаси каби қазиб олинадиган ёқилғидан фарқли ўлароқ, бу энергия манбалари тугамайди, шунинг учун улар “қайта тикланувчи”, деб аталади.
Табиий ресурсларнинг чекланганлиги электр энергияси ишлаб чиқаришнинг муқобил манбаларига ўтишни тақозо этади. Давлатларнинг географик жойлашувига кўра, қайта тикланувчи энергия манбалари имкониятлари ҳар хилдир. Ўзбекистон бу борада жуда кенг салоҳиятга эга. Мамлакат нафақат ўзининг тўрт фаслли бетакрор табиати, ер ости ва усти нодир бойликлари, балки ноёб хусусиятлари – офтобли осмони, шамолли кенгликлари, тезоқар дарёлари, биологик манбалари билан ҳам ажралиб туради.
Шу боисдан, қайта тикланувчи энергия манбаларининг тараққий этиши мамлакатни барқарор ривожлантиришда жуда муҳим аҳамиятга эга. Бундай энергия манбалари атроф-муҳитга зарар етказмагани сабабли «тоза» деб аталади. «Яшил энергетика» дея ҳам таърифланади. Бу эса фарзандлар, келажак авлоднинг соғлом камолга етиши учун мустаҳкам заминдир.
Яшил энергетика қанчалар фойдали ва жозибали бўлмасин, шубҳасиз, у ҳам ўта юқори технологик ечимлар ва улкан инвестицияларни талаб этади. Қолаверса, муқобил энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электрни истеъмолчига йўқотишларсиз етказиб бериш масаласи ҳам мавжуд.
Бу ерда гап яна эскирган инфратузилмани янгилаш, модернизациялаш (замонавий талаблар ва сифат кўрсаткичларига мос ҳолда ислоҳ қилиш), энг муҳими, бу ишларни имкони борича тезроқ бошлашга бориб тақалади.
«Бошқа йўлимиз йўқ. Соҳада жиддий ўзгаришларни амалга ошириш, аввало, давлат бюджетидан нархни ушлаб туришга йўналтирилаётган миллиардлаб субсидия маблағларининг бўшашига олиб келади. Ушбу маблағларни эса Ўзбекистонда энергетикани ривожлантиришга оид инновацион лойиҳаларга ҳамда инфратузилмани янгилашга йўналтириш мумкин бўлади», дейилади вазирлик хабарида.
Мавзуга доир:
Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабабини маълум қилди
Энергетика вазирлиги тизим нима учун зарар билан ишлаётганини очиқлади
Бу йил қишда навбатдаги энергетик инқироз кузатиладими?
Ўзбекистон энергетик барқарорлигига асосий тўсиқ қайсилиги маълум қилинди
Энергетика вазирлиги тизимда бозор нархларига ўтилишининг зарурати нимада эканини маълум қилди
Бир дона чўғланма лампани қисқа вақтга ўчириб қўйиш орқали қанча электрни тежаш мумкинлиги аниқланди
Энергетика тизимини бозор иқтисодиётига ўтказишнинг ижобий жиҳатлари ҳақида маълумот берилди
Ўзбекистоннинг 3 вилоятида 2027 йилгача 4 та янги ИЭС ишга туширилади
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: