10:57 | 12.02.23

                       

Ўзбекистон Афғонистон билан Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўлидан фойдаланиш бўйича янги келишув имзолади

Янги келишувга кўра, томонлар яна 2 йил давомида ҳамкорликда ишлайди

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўлидан фойдаланиш бўйича янги келишув имзоланди, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати.

Аввалроқ Термизда 10 февраль куни «Ўзбекистон темир йўллари», Sogdiana Trans ҳамда Афғонистон темир йўллари бошқармаси делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтганди. Музокаралар давом эттирилиб, 12 февраль куни Афғонистон темир йўл бошқармаси ва Sogdiana Trans ШК ўртасида Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўлида эксплуатация ишларини давом эттириш тўғрисида янги келишув имзоланди. Унга кўра, Sogdiana Trans яна 2 йил давомида ўз фаолиятини давом эттиради.

Бундан ташқари, томонлар биргаликда «Мозори Шариф» бекатига юкларни етказиб беришни тезлаштиришни келишиб олди. Шунингдек, Афғонистон темир йўллари бошқармасининг маҳаллий мутахассисларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон томонидан қурилган ва хизмат кўрсатиб келган Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўл бошақаруви бўйича шартомани Қозоғистоннинг Mansour Fatih компанияси ютиб олиши сабабли Ўзбекистон Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўлини бошқариш ҳуқуқидан айрилгани ҳақида хабар берилганди. Шундан кейин «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ушбу хабар ёлғонлигини  билдирди ҳамда Афғонистон ҳудудидаги темир йўлларга хизмат кўрсатиш (эксплуатация)да иштирок этиш учун афғонистонлик маҳаллий техник ходимларини босқичма-босқич жалб қилиш бўйича амалдаги шартномани узайтириш ва йўл харитасини тайёрлаш бўйича келишувга эришилганини маълум қилганди.

Янги келишув имзоланганига қарамасдан 1 февраль куни «Ўзбекистон темир йўллари» Афғонистон темир йўлидан фойдаланиш тўхтатилганини маълум қилди ҳамда ушбу ҳолат юзасидан Афғонистон томонини айблади.

«Ўзбекистон темир йўллари»нинг хабарида айтилишича, Ғалаба—Ҳайратон темир йўлидан фойдаланишда 2022 йил 26–30 декабрь кунлари Термизда ўтказилган музокаралар давомида 2023 йилнинг 27 январига қадар янги шартнома имзоланишига келишилган эди. Бироқ Афғонистон темир йўл бошқармаси келишувни амалга оширмаётгани сабабли Ҳайратон—Мозори Шариф йўналишида темир йўл орқали юк ташиш тўхтатилган.

Афғонистон темир йўл бошқармаси расмийлари эса ушбу хабарлар фонида «Ўзбекистон темир йўллари»ни Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўлининг техник масалалари бўйича янги келишувни бузганликда айблаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: