11:02 | 09.02.23

                       

Ўзбекистон—Афғонистон чегарасидаги нейтрал ҳудудда қамишзор ёқиб юборилди — видео

Сурхондарё ҳокимлигига кўра, мазкур тадбир мутасадди идоралар рухсати ҳамда масъул органларнинг ўзаро келишуви асосида амалга оширилган

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳрида катта ёнғин содир бўлаётгани айтилган хабарлар юзасидан изоҳ берди.

Кадр: Telegram

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари чегарасида ёнғин юзага келгани тасвирланган видеолар тарқалди.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари чегарасидаги нейтрал ҳудудда жойлашган Амударё ичкарисидаги кичик оролчаларда қамишзорлар пайдо бўлган. Бу ерда турли касалликлар ташувчиси ҳисобланган зараркунанда ҳашаротлар кўпайиши ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун режали тартибда ёқиш ишлари олиб борилмоқда.

«Мазкур тадбир мутасадди идоралар рухсати ҳамда масъул органларнинг ўзаро келишуви асосида амалга оширилиб, оролчалардаги ёнғин ҳаракатлари ва кўлами тўлиқ назоратга олинган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳокимлик ушбу тадбир ёввойи қамишзорларда белгиланган режага мувофиқ олиб борилаётганини маълум қилиб, фуқаролардан ортиқча ваҳимага берилмасликни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эса аҳоли ўртасида ваҳима келтириб чиқарувчи ёлғон ахборотларни тарқатмасликни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг майида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги қамишзорда кучли ёнғин юзага келганди. Ўшанда ёнғинни ўчириш имкони бўлмаган, бунга сабаб қилиб қамишзорлар бўйи сув ва ботқоқликдан иборатлиги кўрсатилганди. Август ойида эса Пешку туманидаги қамишзорда ёнғин юзага келганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 107 нафар ходимидан иборат ёнғин-қутқарув бригадалари зудлик билан ёнғин жойига етиб борган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: