12:57 | 01.06.24

                       

Ўзбекистон сув тақчил бўлган 33 та мамлакат қаторига тушиб қолиши мумкин

Ўзбекистон сув тақчил бўлган 33 та мамлакат қаторига тушиб қолиши мумкин. Олимлар ердаги чучук сув 25 йил ичида тугашини маълум қилди.

Жаҳон олимларининг прогнозларига кўра, 2030 йилда Ўзбекистон сув танқислиги бўлган 33 та мамлакатлар қаторида бўлиши мумкин.

Маълум қилинишича, олимлар ердаги чучук сув 25 йил ичида тугашини ҳисоблашди. Бу сайёра аҳолиси ўсиши туфайли содир бўлади. Охирги 20 йил ичида глобал сув заҳиралари қисқариб борган.

«Бу жараёнда аста секин деган тушунча бўлиши керак эмас. Айниқса, ҳозирги иқлим ўзгариши ёки сувни тобора камайиб бораётганлиги, истеъмолни миқдори ошиб бораётганлиги бу тушунчани тезроқ тушуниб, одамлар онгида тезроқ ўзгаришалр бўлишини талаб қиляпти», — деди пойтахт «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Равшан Ёқубжонов.

Ер шарини 100 фоиз деб оладиган бўлсак, ундан 71 фоизи сувдан, 3 фоизи эса ичимлик сувидан иборат.

«Жуда аянчли ҳолатга олиб келади. Мен сизга яна рақамларни эслатиб ўтаман. БМТ ҳамда Жаҳон Банки таҳлилларига кўра, 2050 йилга бориб, Ўрта Осиё аҳолиси 100 миллионга етади ва унинг 50 миллиони ўзбекистонликлар бўлади. Ўзбекистон аҳолиси 50 миллионни ташкил қилади. Лекин, сув заҳирамиз ўзгармайди» , — деди «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда UNICEF’нинг берган маълумотларига қараганда, бугунга кунда сайёрамизнинг 26 фоиз аҳолиси истеъмол қилаётган сувини хавфсиз деб бўлмайди. Уларнинг энг кўп қисми эса Африка давлатларига тўғри келади.

«Дунёнинг бирорта давлати бизчалик сувга нисбатан кўр-кўрона ёндашмайди. 2030 йилга келиб, дунё аҳолисининг 700 миллиони сув муҳожирларига айланишади. Улар сув етишмовчилигидан бир жойдан иккинчи жойга мажбуран кўчиб ўтади», — деди «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари.

Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги 50-60 йил ичида Ўзбекистон учун чучук сувнинг асосий манбайи бўлган Марказий Осиёдаги музликлар майдони қарийб 30 фоизга қисқарган. Уларнинг ҳисоблашларига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёда чучук сув танқислиги минтақадаги ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин.

«Тўғри, 30 йил олдин масалан биз марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган бўлишимиз мумкин. Лекин, ариқларда сув тўлиб тошган, музликлар бўлган. Мана шу ариқлардан оққан сувни хаттоки истеъмол қилганмиз» — деди пойтахт «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари.

Аввалроқ, Ўзбекистон Қозоғистонга 922 млн куб метр сув етказиб бериши ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: